ЕХҲТ ДИИҲБ директори Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий баҳолади
Варшавада Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова бошчилигидаги делегация аъзолари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) директори Мария Телалиан билан учрашди.
Ўзаро мулоқот чоғида Омбудсман институтининг фаолияти, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Шунингдек, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилаётган ижобий натижалар ҳақида фикр алмашилди.

Учрашувда Омбудсман институти фаолиятида фуқаролик жамияти институтлари иштирокининг аҳамияти, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларнинг долзарблиги таъкидланди.
ЕХҲТ ДИИҲБ директори Мария Телалиан Ўзбекистондаги амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий баҳолаб, мамлакатда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида эришилаётган натижаларни эътироф этди. Омбудсман фаолиятига тўхталиб, институт фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солувчи қонунчилик асосларининг мустаҳкамлангани ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қийноқларнинг олдини олиш ва жамоатчилик билан очиқ мулоқотни таъминлаш борасидаги устувор йўналишлар муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.
Н.Абдураимова,
ЎзА