Дзюдочиларимиз “Qingdao Grand Prix 2026” халқаро мусобақасида 12-ўринни эгаллади
Хитойнинг Циндао шаҳрида “Лос-Анжелес-2028” Олимпия ўйинларига рейтинг очколарини тақдим этадиган "Катта дубулға" халқаро турнири якунланди.
57 давлатнинг 500 нафар дзюдочи иштирок этган нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг 23 нафар аъзоси ғолиблик учун кураш олиб борди.
Мукофот жамғармаси 154 минг евродан иборат халқаро турнирнинг илк саралаш босқичида иштирок этган дзюдочиларимиздан Нурбек Муртазоев-90 килограмм вазн тоифасида аввалига исроиллик Рой Сиванни, кейинги беллашувда озарбайжонлик Мурад Фатиевни мағлуб этди.
Бироқ ярим финал остонасида 23 ёшли Муртазоев бразилиялик 25 ёшли Гильерме Шимидтга имкониятни бой бериб қўйди ва бронза медалига даъвогарлик қиладиган бўлди.
Бронза медали йўлидаги шиддатли курашда ҳамюртимиз япониялик 28 ёшли Гоки Таджимага рўбарў келди. Ушбу курашда кунчиқар юрт вакилига омад кулиб боқди. Нурбек 5-ўрин билан кифояланди.
Терма жамоамиз аъзоларидан Шаҳрам Ахадовнинг Хитой татамиларидаги баҳсларга жиддий ҳозирлик кўргани илк курашлардаёқ аён бўлди. У саралаш мусобақаларида финляндиялик Валттери Олин, қозоғистонлик Бахитжан Абдураҳмоновни енгиб, ярим финал йўлланмасига эга чиқди.

Ярим финал беллашувида Аҳадов озарбайжонлик Махмадбек Махмадбековни таслим этди. Финал баҳсида япониялик Ишихара Тацуки қаршилигини енгишга ҳаракат қилди. Бироқ омадлироқ чиққан япон дзюдочиси олтин, Аҳадов кумуш медаль билан кифояланадиган бўлди.
Уч кун давом этган “Qingdao Grand Prix 2026” халқаро турнирида 5 та олтин, 2 та кумуш, 5 та бронза медалини қўлга киритган Япония терма жамоаси умумжамоада 1-ўринни эгаллаган бўлса, мамлакатимиз дзюдочилари 1 та кумуш медалга эга чиққан ҳолда 57 та миллий терма жамоалар орасида 12-поғонани банд қилди.
Т. Рўзиев, ЎзА