Дзюдо: Япония билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон дзюдо мутахассислари, мураббийлар, спортчилар келгусида Япониядаги Tokai Gakuen университетида таҳсил олиш билан бирга амалий машғулотларни давом эттириш имкониятига эга бўлади.
Бу ҳақдаги келишув Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Комилов ва Tokai Gakuen университети ректори Хисаши Ито ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумида ўз аксини топди.
Таъкидлаш керакки, Tokai Gakuen университети япон олий таълим муассасалари орасида спорт ва тиббиёт фанлари факультети фаолият юритадиган даргоҳ ҳисобланади. Бу ерда спорт фанлари, жисмоний тарбия, мураббийлик ва спорт амалиёти соҳасида мутахассислар тайёрланади.
Келишувга биноан ўзбек дзюдочилари Японияда таълим олиши ва бир вақтнинг ўзида спорт тайёргарлигини давом эттириши учун имкониятлар яратиш назарда тутилган.

Университет билан ҳамкорликда қўшма машғулотлар ўтказилиб, Ўзбекистон дзюдо федерацияси мураббийлари ва мутахассисларининг малакасини ошириш, семинарлар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш режалаштирилган.
Учрашув доирасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари университет талабалари учун дзюдо бўйича маҳорат дарси ўтказди.
Тадбир дўстлик ва ўзаро ҳурмат белгиси сифатида эсдалик совғаларини алмашиш билан якунланди.
Т. Рўзиев, ЎзА