Дзюдо: спорт ва хизматда ҳалоллик масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон дзюдо федерациясида ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари масъул ходимлари иштирокида халқаро майдонда юртимиз шарафини ҳимоя қилиш билан бирга куч тузилмаларида хизмат қилаётган дзюдочиларда ҳалоллик, профессионаллик ва ватанпарварлик мавзусига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Муҳокамалар жараёнида бир қатор долзарб ва шу билан бирга муҳим йўналишлар кўриб чиқилди.

Билдирилган фикр ва таклифлар асосида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мавжуд камчиликларни биргаликда бартараф этиш, спортчиларни тайёрлаш ва тарбиялаш тизимини такомиллаштириш, юксак масъулият ва "тоза спорт" тамойилларига содиқлик масалаларида ҳамжиҳатликни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Комилов мамлакатимиз дзюдочилари иштирок этадиган ёзги Осиё ўйинлари, жаҳон чемпионати, ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон ва қитъа чемпионатларига кўрилаётган тайёргарлик хусусида тўхталиб, ўтказилаётган машғулотлар, мусобақалар ва унинг ташқарисида интизомни таъминлаш, допингга йўл қўймаслик, масъулиятни таъминлаш муваффақият даражасини белгилашда муҳим омил эканини айтиб ўтди.
Бундан ташқари, халқаро турнирлар ва ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиш даврида спортчиларни хизмат вазифаларидан вақтинча озод қилиш сингари масалалар юзасидан аниқ таклифлар илгари сурилди.
Т.Рўзиев, ЎзА