Дзюдо: Швейцария турнирида Ўзбекистон мадҳияси янграб, байроғимиз 5 марта юксалди
Швейцариянинг Лозанна шаҳрида поёнига етган "Катта Дубулға" туркумига кирувчи “Grand Slam-2026” мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 1 олтин, 2 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди.
77 давлатнинг 513 нафар маҳоратли дзюдочилари иштирок этган халқаро турнирнинг кеча якунланган сўнгги кунида эркаклар -90, -100, +100 кг, аёллар эса -78 ва +78 кг вазн тоифаларида совринли ўринларга даъвогарлик қилди.
Ортда қолган кун давомида мамлакатимизнинг 9 нафар дзюдочиси беллашувларда иштирок этган бўлса, Париж-2024 Олимпиадаси совриндори, жаҳон чемпиони Музаффарбек Тўрабоев +100 килограммнинг саралаш беллашувида Туркия вакили Мунир Эртугга, -78 килограммда татамига чиққан Барчиной Қодирова ва Маржона Кўчимова Элиза Вроблевска (Польша) ҳамда Александра Рьябченко (Россия)га имкониятни бой бериб қўйишди.

Маҳоратли дзюдочиларимиздан Тўлқинбек Турдиев(-100), Умида Ниғматова(+78) ва Ирисхон Қурбонбоева(+78) саралашнинг дастлабки беллашувларида ғалабага эришди. Бироқ, чорак финал остонасида рақибларига йўл берди.
Лос-Анжелес-2028 Олимпиадаси учун муҳим рейтинг очколарини тақдим этадиган нуфузли турнирнинг -90 килограмм вазн тоифасидаги совринли ўринлар юртимиз спортчиларига тегишли эканлиги натижаларда ўз аксини топди.
Мазкур вазнда дунёнинг энг кучли 35 нафар дзюдочиси ғолибликка даъвогарлик қилди. Саралашнинг “А” гуруҳида баҳс олиб борган Нурбек Муртазоев 10 нафар рақобатчисидан устунлигини намойиш этди. Шунингдек, ушбу вазн тоифасининг “С” гуруҳида финалга қадар барча рақибларини доғда қолдирган Умар Бозоров ярим финалга йўл олди.

Ярим финалнинг шиддатли беллашувларида Бозоров чехиялик Адам Копечкини, Муртазоев россиялик Андони, Егор Андонини мағлуб этди ва жаҳон дзюдо ишқибозлари Лозанна татамисида ўзбеклар ўртасидаги финал баҳсини томоша қилишди.
Нурбек Муртазоев-Умар Бозоров ўртасидаги финал баҳсида омад Бозоровга кулиб боқди. Шу тарзда -90 килограммнинг олтин ва кумуш медаллари ҳамюртларимизга насиб этди.

“Grand Slam-2026” халқаро турнирининг -100 килограммида кураш олиб борган тажрибали дзюдочимиз Эрназар Сарсенбаев 3-ўзрин учун кечган баҳсда япониялик 23 ёшли Тетта Хамадани енгиб, бронза медалига эга чиқди
Эслатиб ўтамиз, умум жамоа ҳисобида 2 тадан олтин медалларга эга чиққан Россия, Япония, Германия, Грузия етакчиликка эришган бўлса, 1 тадан олтин медалли бўлган Ўзбекистон, Франция, Бразилия, Исроил, Полша ва Қозоғистон терма жамоалари кейинги поғоналарни банд этишди.
Энди мамлакатимиз дзюдочилари жорий йилнинг 11-13 сентябрь кунлари Венгрия пойтахти Будапештда бўладиган Гран-при турнирида иштирок этади.
Т. Рўзиев, ЎзА