Дзюдо: Диёра Келдиёрова Словенияда
Шу кунларда "Париж-2024" ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони Диёра Келдиёрова Словениянинг Изола шаҳрида ўтаётган жорий йилдаги илк халқаро ўқув-машғулот йиғинида иштирок этмоқда.
Дунёнинг турли бурчакларидан жам бўлган энг кучли дзюдочилар иштирокида ўтаётган ушбу йиғин дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси етакчиси учун мавсумдаги асосий халқаро мусобақаларга тайёргарликнинг муҳим босқичларидан бири саналади.
Айтиш лозим, мамлакатимиз дзюдочилари жорий йил сентябрь ойида Японияда ўтказиладиган Осиё ўйинлари ҳамда Боку шаҳри мезбонлик қиладиган Жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

Жаҳон дзюдосининг профессионаллари билан халқаро йиғинда қатнашаётган Диёра Келдиёрованинг айнан қайси мусобақада иштирок этиши ҳозирча номаълум.
Эслатиб ўтамиз, икки йил муқаддам якунланган Париж Олимпиадасидан кейин фарзанд тарбияси билан банд бўлган Келдиёрова расмий мусобақаларда ҳали иштирок этмади.
Т. Рўзиев, ЎзА