Душанбеда Ўзбекистоннинг “яшил” энергетика соҳасидаги тажрибаси намойиш этилди
Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида “Қайта тикланувчи энергетиканинг замонавий ҳолати ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида IV халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Тожикистон Республикаси Фанлар миллий академияси Президиуми ташаббуси билан ташкил этилган анжуманда маҳаллий ва хорижий олимлар, экспертлар, вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, мамлакатимиз делегациясининг мазкур халқаро анжумандаги иштироки Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан амалга оширилаётган “Марказий Осиёда яшил иқтисодиёт учун яшил кўникмалар” минтақавий лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Пленар йиғилишларда қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, инновацион технологияларни жорий этиш, энергетика соҳасини рақамлаштириш, электр тармоқларини бошқаришда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, шунингдек, қуёш ва шамол энергетикасини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Конференция доирасида энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергетика соҳасини рақамли трансформация қилиш ва илмий кадрлар тайёрлашга бағишланган маърузалар ҳам тақдим этилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон делегацияси мамлакатимизда “яшил” энергетикани ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилаётган натижаларни иштирокчиларга тақдим этиб, соҳадаги амалий тажриба билан ўртоқлашди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА