Дунё хабарлари қисқа сатрларда
АҚШ Президенти Жо Байден Хитой Тайванга ҳужум қиладиган бўлса, оролга ёрдам бериш учун америкалик ҳарбийларни жалб қилишга рухсат беришини айтди. У “Time” нашрига берган интервьюсида шу масалага тўхталди:
– Мамлакат ҳарбий кучларидан фойдаланилишини истисно қилмайман, – деди у АҚШ Тайванга қўшин жойлаштириши мумкинми, деган саволга жавоб бераркан.
***
Туркия Ғарбдан буйруқ олаётгани йўқ, мустақил сиёсат юритмоқда, деди Президент маъмурияти алоқа бўлими бошлиғи Фахреттин Алтун.
– Биз буни аниқ ва очиқ айтамиз: Ғарбдан буйруқ олган ёки мустақил сиёсати ва стратегиясини ишлаб чиқа олмаган Туркия мавжуд эмас. Бугунги Туркия минтақада барқарор мустақил сиёсат, стратегия олиб бормоқда, – деди Алтун сешанба куни Анқарада чиқиш қилганида.
***
Қўшма Штатлар “Minuteman III” қитъалараро баллистик ракетасини синовдан ўтказди, деб хабар тарқатди “Ванденберг” космик кучлари базаси.
“Оператив синов 4 июнь, сешанба куни Ванденберг космик кучлари базасидан амалга оширилди”, – дейилган база тарқатган хабарда.
***
Австрия ҳукумати Киевга ёрдам кўрсатишдан бош тортгани учун Венгрияни Европа Иттифоқида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида Бельгия илгари сурган таклифни қўллаб-қувватлайди, деди Австрия ТИВ вакили.
Европа Иттифоқи шартномасининг 7-моддасига кўра, агар мамлакат ЕИ тамойилини “мунтазам ва жиддий равишда” бузса, вақтинчалик овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин.
***
Шимолий Атлантика альянси Россия билан уруш юзага келган тақдирда АҚШдан Европага қўшин ташлаш режасини тайёрламоқда, деб ёзди Британиянинг “The Telegraph” газетаси тегишли манбага таяниб.
– Европада Россия билан қуруқликдаги йирик уруш бошланган тақдирда НАТО америкалик аскарлар ва зирҳли техника воситаларини тезкорлик билан фронтга олиб чиқади, – деб ёзган нашр. – Шу мақсадда ҳозир бир неча қуруқлик йўлаклари яратиш устида иш олиб бориляпти.
Тахминга кўра, АҚШ Қуролли кучлари олдиндан белгиланган беш портдан бирига қўнади ва тайёрланган йўналиш бўйлаб юради.
***
NDTV телеканали ҳисоб-китобига кўра, Ҳиндистоннинг амалдаги Бош вазири Нарендра Моди партияси бошчилигидаги Миллий демократик альянс парламент сайловида кўпчилик овозни қўлга киритди. Парламент қуйи палатасига сайлов 19 апрелдан 1 июнга қадар етти босқичда бўлиб ўтди ва овоз санаш 4 июнь куни якунланди. Айни пайт “Халқ уйи” (Лок Сабҳа)да 543 ўрин учун кураш бошланган. Ғалаба учун партия ёки коалиция оддий кўпчилик билан 272 ўринга эга бўлиши керак.
***
Жаҳон бозорида нефт нархи 0,36 фоиз тушди, Брент навли қора олтиннинг бир баррели февраль ойи бошидан буён биринчи марта 78 доллардан пастлади. Брент нефтининг август ойи учун фьючерс нархи 0,36 фоиз тушиб, бир баррель учун 77,84 долларни ташкил қилган.
С.Раҳимов,
ЎзА