Дунё хабарлари қисқа сатрларда
Мексика президентлиги учун бўлиб ўтган сайловда ҳукуматни бошқараётган “Morena” партиясидан номзодини қўйган Клаудия Шейнбаум ғолиб чиқди, деб хабар тарқатди Миллий сайлов институти INE.
Дастлабки ҳисоб-китобга қараганда, Шейнбаум олган овоз 59,04 фоиздан ошган. Унинг рақиби “Кучим ва юрагим Мексика учун” мухолифат коалициясидан сайловда иштирок этган Сочитль Гальвес 29,57 фоиз билан чекланган. Хабарда айтилишича, овоз бериш жараёнида сайловчиларнинг 54,98 фоизи иштирок этган.
***
Япония ҳаво кучларига қарашли иккита F-35A самолёти Аомори префектураси аэропортига фавқулодда қўнишга мажбур бўлди. Ҳодиса туфайли ҳеч ким жабр кўрмаган, дея ахборот берган TBS телеканали.
Воқеа сабаби ҳозирча номаълум. Бошқа самолётлар парвозида узилиш кузатилмаган.
***
Грузия парламенти спикери Шалва Папуашвили Президент Саломе Зурабишвили томонидан рад этилган хорижий агентлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади. Шу тариқа ҳужжат кучга кирди.
***
31 март куни маҳаллий сайловда мағлубиятга учраган, Туркия ҳукуматини бошқараётган Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) ўз сиёсатини тубдан қайта кўриб чиқишга қарор қилди, деб ёзди “Hürriyet” газетаси. Таъкидланишича, бу “шунчаки эмас, балки сиёсий парадигмадаги ўзгариш”. Ички сиёсатдан ташқари, Президент Режеп Таййип Эрдоған яқин орада бўлиб ўтадиган халқаро учрашувда “глобал чақирув” билан чиқишни мўлжаллаяпти. Нашр ташаббус тафсилотини келтирмаган, шунингдек етакчи қайси тадбирда “инсониятга глобал чақирув” эълон қилишига ҳам аниқлик киритмаган.
Тахминларга кўра, бу Ғазо сектори ва Украинадаги вазиятга тегишли бўлиши эҳтимоли юқори.
***
Қозоғистон ҳукумати ва Хитойнинг давлатга қарашли “China Nonferrous Metal Mining” компанияси биргаликда 1,5 миллиард долларга баҳоланган мис эритиш заводи қуриш бўйича келишувга эришди. Ушбу корхона мамлакат шарқидаги Абай вилоятида бунёд этилади. 2028 йил ишга туширилиши режалаштирилган мажмуада 1000 дан зиёд киши иш билан таъминланади.
***
Бангладешни яна жазирама иссиқ тўлқини қоплади. Пойтахт Даккада ҳам аҳвол жуда оғир. Синьхуа агентлиги мамлакат метеорология хизмати берган маълумотга таяниб шундай ёзган.
Сўнгги йилларда нуфуси 165 миллион кишидан иборат ушбу Жанубий Осиё мамлакати тез-тез табиат инжиқлигини бошдан кечирмоқда. Иқлим ўзгариши туфайли мамлакат аҳолиси сурункали равишда гоҳ сув тошқини, гоҳ аномал иссиқ билан юзма-юз келмоқда.
Олимлар фикрича, Бангладеш сайёрамиздаги глобал исишдан энг кўп зарар кўраётган мамлакатлардан бири.
***
Тожикистоннинг автотранспорт секторида қиймати 1,2 миллиард долларлик 17 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда, деб хабар тарқатди мамлакат транспорт вазирлиги. Шунингдек, темир йўл тармоғида 7,2 миллиард долларлик 10 та йирик лойиҳа ҳаётга жорий қилиниши Тожикистонни замонавий транспорт шароитига эга мамлакатга айлантириши кутиляпти.
Ҳозир республикадаги мавжуд автомобил йўли узунлиги 27 274 километр. 2022-2026 йиллар мобайнида яна 1000 километрдан зиёд йўл, 53 кўприк, 7 ер ости йўли ва 5 кўчкига қарши йўлак бунёд этилади.
***
Украина Фаластинни давлат сифатида тан олади, деб баёнот берди мамлакат Президенти Владимир Зеленский “Шангри Ла мулоқоти” конференциясида сўзга чиқиб.
– Украина ҳар икки давлатни, Исроилни ҳам, Фаластинни ҳам тан олади, – деди у. – Мақсадимиз – ушбу можаро тўхтасин, аҳоли жабр кўрмасин.
С.Раҳимов, ЎзА