“Дунё қуёш нигоҳида” — меҳр ва инклюзивликни тараннум этган форум
Инсонийлик, меҳр-оқибат ва тенг имкониятлар ғояси жамият тараққиётининг энг муҳим устунларидан бири ҳисобланади. Айниқса, имконияти чекланган инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини намоён этишга шароит яратиш ҳар бир жамиятнинг маънавий юксаклигини кўрсатади.
Ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилувчи тадбирлардан бири пойтахтда бўлиб ўтган “Дунё қуёш нигоҳида” инклюзив форуми бўлди.

“Дунё қуёш нигоҳида” инклюзив форуми қалбларни бирлаштирган, унутилмас тадбир сифатида юксак даражада ташкил этилди. Ушбу форум Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан Халқаро Даун синдромига эга инсонлар кунига бағишланди.

Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркиядан иштирокчилар қатнашди.
Даун синдромига эга болалар ўзларининг рақслари, мусиқий чиқишлари ва шеърлари орқали қалбларидаги нурни барчага улашди.

Шунингдек, тадбир доирасида болалар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш этилди. Миллий таомимиз сумалак пиширилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА