Дунё ареналарида ўз салоҳиятини намоён этаётган ўзбек ўғлони
Покистоннинг Лаҳор шаҳрида таэквондо WT бўйича катталар ўртасида ўтказилган “8th World Taekwondo President’s Cup – Asia” мусобақасида ҳамюртимиз Жасур Жайсунов 80 килограммгача бўлган вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди.
Бугунги кунда мамлакатимиз спортчилари халқаро майдонларда юқори натижалар қайд этиш билан бирга, келгуси Осиё ва Олимпия ўйинлари, турли даражадаги муҳим мусобақаларга пухта тайёргарлик кўрмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2025 йил 8 июлдаги «2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжатда белгиланган устувор вазифалар асосида спортчиларнинг тайёргарлик жараёнини тизимли ташкил этиш, уларнинг халқаро мусобақалардаги иштирокини кенгайтириш ва юқори натижалар учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жасур Жайсуновнинг Лаҳордаги ғалабаси ҳам ана шу изчил тайёргарлик, йиллар давомида орттирилган тажриба ва машаққатли меҳнатнинг самарасидир. Бугун халқаро татамида ўзини муносиб намоён этаётган спортчининг таэквондодаги йўли эса анча йиллар аввал бошланган.
Жасур Жайсунов 7 ёшидан таэквондо билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. У мазкур спорт турининг илк усулларини биринчи устози Денис Чебикиндан ўрганган. Туман ва шаҳар биринчиликларида тобланган ёш спортчи ҳар бир мусобақадан сўнг ўз хатолари устида ишлаб, маҳоратини изчил ошириб борди.

Бу меҳнатнинг дастлабки самараси 2015 йилда кўзга ташланди. Жайсунов илк бор Ўзбекистон чемпиони бўлди. Шу тариқа мамлакат миқёсидаги мусобақаларда ўзини кўрсата бошлаган ёш таэквондочи кейинчалик халқаро майдонда ҳам юқори натижалар қайд этишга киришди.
2019 йилда спортчимиз Иорданияда ўтказилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ғолиб бўлди. Шу йили Россияда ўтказилган халқаро турнирда ҳам олтин медалга сазовор бўлди. 2020 йилда Истанбулда ташкил этилган халқаро мусобақада кумуш медаль билан тақдирланди.
2021 йил Жайсунов учун халқаро тажриба тўплаш нуқтаи назаридан муҳим босқич бўлди. У Ливанда ўтказилган Осиё чемпионатида бронза, «Beirut Open-2021» мусобақасида эса кумуш медалга эга чиқди. 2022 йилда Жайсунов фаолиятида янги босқич бошланди. Жанубий Кореянинг Чунчхон шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида 74 килограммгача бўлган вазн тоифасида Осиё чемпиони бўлди. Шу йили Фужайрадаги «Fujairah Open» турнирида ҳам олтин медалга сазовор бўлди. Бундан ташқари, Осиё клублар чемпионати ва «WT Presidents Cup – Asian» мусобақаларида бронза медалларини қўлга киритди.
Жасур Жайсуновнинг натижалари унинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини янада оширди. 2023 йилда у «Dutch Open» ва «Turkish Open» мусобақаларида 74 килограммгача бўлган вазнда олтин медалларни қўлга киритди. Уси шаҳридаги «Grand Slam» мусобақасида ҳам 80 килограммгача бўлган вазнда ғолиб бўлди. Шунингдек, «WT Presidents Cup – Asian» мусобақасида кумуш олди. Жаҳон чемпионати, Гран-при ва Осиё ўйинларида ҳам иштирок этиб, катта мусобақалар тажрибасини янада бойитди.

2024 йил спортчининг фаолиятида алоҳида аҳамият касб этди. У Фужайрада ўтказилган «Fujairah Open» ва Вьетнамнинг Дананг шаҳридаги Осиё чемпионатида 80 килограммгача бўлган вазнда олтин медалга сазовор бўлди. Хитойнинг Тайань шаҳрида ўтказилган Олимпия ўйинлари учун Осиё лицензион турнирида ҳам ғолиб чиқиб, «Париж-2024» Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритди. Шу йили «Grand Slam» саралаш мусобақасида ва ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам олтин медалларга эришди.
«Париж-2024» Олимпиадаси Жайсунов учун спорт фаолиятидаги энг катта синовлардан бири бўлди. У 80 килограммгача бўлган вазнда баҳс олиб бориб, мусобақани бешинчи ўринда якунлади. Олимпиада татамисидаги беллашувлар спортчининг тажрибасини янада оширди.
2025 йилда ҳам Жайсунов юқори натижаларни давом эттирди. У Фужайрадаги «Fujairah Open» турнирида, Хитойнинг Уси шаҳридаги Осиё клублар чемпионатида 80 килограммгача бўлган вазнда олтин медалларни қўлга киритди. Шунингдек, Албаниянинг Тирана шаҳрида ўтказилган «Albania Open» мусобақасида ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Спортчи фаолиятида 2025 йилдаги яна бир қизиқарли жиҳат — вазн тоифасидаги ўзгариш бўлди. Жайсунов «WT Presidents Cup – Asian» мусобақасида бу сафар 87 килограммгача бўлган вазнда иштирок этиб, олтин медалга сазовор бўлди. Бу натижа унинг нафақат асосий вазн тоифасида, балки юқорироқ вазнда ҳам рақобатлаша олиш салоҳиятини кўрсатди.
2026 йилда эса таэквондочимиз яна бир қатор муҳим мусобақаларда шоҳсупага кўтарилди. Фужайрада ўтказилган «Fujairah Open» мусобақасида кумуш медаль, Анталиядаги «Turkish Open» турнирида олтин медаль, Улан-Батордаги Осиё чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлди.
Жорий йил август ойидаги Лаҳор мусобақаси эса Жайсунов учун навбатдаги муваффақият билан якунланди. 80 килограммгача бўлган вазн тоифасида барча рақибларини мағлуб этиб, «World Taekwondo President’s Cup – Asia» турнири ғолибига айланди.
Жасур Жайсуновнинг бугунги натижалари ортида бир неча йиллик устозлар меҳнати, юқори даражадаги мусобақаларда орттирилган тажриба ва спортчининг ўз устида изчил ишлаши мужассам. Унинг фаолиятидаги ҳар бир босқич кейинги марра учун пойдевор вазифасини бажариб келмоқда.

Таэквондочимизнинг халқаро майдондаги ютуқлари мамлакатимизда спорт соҳасида ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг маҳоратини ошириш ва халқаро мусобақаларга тайёрлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар самарасини ҳам кўрсатади.
Бугун Жасур Жайсунов ўз олдига янги мақсадларни қўйган ҳолда фаолиятини давом эттирмоқда. У айни пайтда жорий йилнинг 19 сентябрь куни Япониянинг Аичи–Нагоя шаҳарларида бошланадиган XX ёзги Осиё ўйинларида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун машғулотларга зўр бермоқда. Жасур Жайсуновга Осиё ўйинларида ҳам муносиб иштирок этиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтариши ва янги ғалабаларни қўлга киритишида омад тилаймиз.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА