Дубайда нефть танкерига ҳужум қилинди
Дубай яқинида Кувайт нефть танкерига ҳужум қилиниши оқибатида ёнғин юзага келди. Бу ҳақда DW нашри хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса 31 март куни тун пайти, Дубайдан тахминан 57 километр масофада содир бўлган. Номаълум снаряд танкернинг ўнг томонига тегиб, ёнғин чиқарган. Ҳужум дрон орқали амалга оширилгани тахмин қилинмоқда.
Кувайтнинг KUNA агентлиги жабрланган “Al-Salmi” кемасига ҳужум чоғида танкер 320 000 тонна нефть билан лангарда турганини ёзган.
Дубай расмийлари ёнғин қисқа вақтда бартараф этилгани, ҳеч ким зарар кўрмагани, шунингдек атроф-муҳитга салбий таъсир етмаганини таъкидламоқда.
Минтақанинг бошқа бир неча давлати ҳам ҳаво ҳужуми ҳақида хабар тарқатди. Масалан, Баҳрайнда ҳаво хавфи товуши янграган, Саудия Арабистони эса ҳудудига йўналтирилган саккизта баллистик ракета йўқ қилинганини билдирган. Мутахассислар ушбу ҳодисани Яқин Шарқдаги вазият янада кескинлашгани билан боғлаяпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Ҳурмуз бўғозини ёпиб, “ҳаракатни ман этиш” тизимини жорий қилгач, бўғозда 10 дан зиёд нефть ортилган танкер йўқ қилинган.
Д.Ҳакимов, ЎзА