Дуал таълим: Энергетика соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик кенгайтирилади
Бугунги кунда энергетика соҳасининг барқарор ривожланиши, аввало, замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга малакали мутахассисларни тайёрлашни талаб этади. Шу боис, таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, ёш мутахассисларни амалиёт билан уйғун ҳолда тайёрлаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу йўналишда “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти ҳамда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга бағишланган учрашув ўтказилди.
Мулоқот давомида дуал таълим тизими доирасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд имкониятлар ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди. Хусусан, талабаларнинг назарий билимларини ишлаб чиқариш жараёнлари билан уйғунлаштириш, уларга корхоналарда амалий кўникмаларни шакллантириш учун зарур шароитларни яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, томонлар ўртасида аввал имзоланган меморандум ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Унинг доирасида “тармоқ - корхона - олийгоҳ” тамойили асосида кадрлар тайёрлаш самарадорлигини ошириш, таълим жараёнини ишлаб чиқариш эҳтиёжлари билан яқинлаштириш ва мутахассисларнинг касбий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирларни кенгайтириш режалаштирилган.
Учрашувда, шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналари ходимларининг олий таълим муассасасида малака ва билимларини ошириш, профессор-ўқитувчиларнинг эса энергетика объектларида амалий тажрибасини бойитиш бўйича ўзаро ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
Бундай ҳамкорлик, бир томондан, таълим дастурларини замонавий ишлаб чиқариш талаблари асосида такомиллаштиришга хизмат қилса, иккинчи томондан, энергетика соҳаси учун рақобатбардош ва юқори малакали кадрлар захирасини шакллантириш имконини беради.
Учрашув якунида дуал таълим тизимини янада ривожлантириш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш ҳамда таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий алоқани мустаҳкамлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА