Дўстлик фестивали қалбларга қувонч улашди
Жорий йилнинг 12-14 май кунлари Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлардаги олий таълим муассасаларидан келган 400 нафардан ортиқ талаба-ёш иштирокида “Дўстлик фестивали” юқори савияда ташкил этилди.
Президентимиз раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, ёшлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган тадбир доирасида турли маънавий-маърифий учрашувлар, маданий тадбирлар, спорт мусобақалари, ижодий кечалар, байрам концерти ва очиқ мулоқотлар бўлди.

Ушбу тадбирларда мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, таълим тизимидаги ислоҳотлар, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Фестиваль давомида турли ҳудудлардан келган талаба-ёшлар ўзаро фикр алмашиб, ўқув жараёни, институтда яратилган шароитлар, шу билан бирга, миллий қадриятлар, урф-одатлар ва маданий анъаналар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди. Бу лойиҳа ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, уларни Ватанга садоқат, миллатлараро дўстлик ва бағрикенглик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эгадир.

“Дўстлик фестивали” талабаларда унутилмас таассурот қолдириб, ёшлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, дўстлик ва оғзибирчилик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.