"Дўстлик" фестивали Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйиш маросими билан бошланди
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 30 июль санаси Халқаро дўстлик куни сифатида эътироф этилгани муносабати билан мамлакатимизда 23–31 июль кунлари “Дўстлик” фестивали ўтказилмоқда.
Ушбу фестиваль халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва аҳиллик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Фестивалнинг дастлабки тадбири сифатида Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғида жойлашган Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйиш маросими бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари, миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Рамзий аҳамиятга эга ушбу маросим Ватанга садоқат, тарихий хотирага ҳурмат ва миллий бирлик ғояларининг ёрқин ифодаси бўлди.

Бугунги кунда юртимизда турли миллат ва элат вакилларининг тинч-тотув, ўзаро ҳурмат ва ишонч муҳитида яшаб келаётгани Янги Ўзбекистон сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. “Дўстлик” фестивали ҳам ана шу эзгу қадриятларни мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик маданиятини кенг тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятли.

Фестиваль доирасида ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ва дўстлик анжуманлари жамиятда бирдамлик руҳини янада кучайтириш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, инсонпарварлик ва миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз. Бундай ташаббуслар янги Ўзбекистонда тинчлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат энг юксак қадрият эканини яна бир бор намоён этади.
Нигора Раҳмонова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА