“Дўстлик” фестивали “Чуқурқоқ”да кўтаринки руҳда ўтди
30 июль — Халқлар дўстлиги куни муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Дўстлик” фестивали доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани “Чуқурқоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида “Ўзбекистон — ягона Ватан” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ташкилот вакиллари, нуронийлар, ёшлар, турли миллат ва элат вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар юртимиздаги тинчлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омилларидан бири сифатида эътироф этиб, мамлакатимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари учун Ўзбекистон ягона Ватан эканини алоҳида таъкидладилар.

Байрам дастури доирасида турли миллат вакиллари томонидан миллий куй-қўшиқлар ва жозибадор рақслар намойиш этилиб, халқлар ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат ғоялари тараннум этилди. Шунингдек, аҳоли учун арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил қилиниб, байрам иштирокчиларига қулайлик яратилди ва тантанага янада файз бағишлади.

“Дўстлик” фестивали халқимизнинг асрлар давомида шаклланган бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва аҳиллик каби эзгу қадриятларини янада мустаҳкамлаш, жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва фуқаролар бирдамлигини кенг тарғиб этишга хизмат қилаётган муҳим маънавий-маърифий тадбирлардан бири бўлди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири