Долзарб мавзуларда давра суҳбати
Андижон давлат университетида «Таълим муассасаларида ёшлар орасида психофаол моддаларнинг ноқонуний айланмаси ва кибержиноятларга қарши курашиш – муҳим вазифа” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Андижон вилояти ҳокимлиги, Ички ишлар бошқармаси, Наркология маркази ҳамкорлигида университет профессор-ўқитувчилари, тюьторлари ҳамда талаба- ёшлар иштирокида ўтказилган давра суҳбатида психофаол ва психотроп моддаларнинг зарарли таъсири, ушбу моддаларни сақлаш, сотиш, сотиб олиш, истеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш, шунингдек, кибержиноят, унинг турлари, салбий оқибатлари хусусида атрофлича сўз юритилди.
Тадбирда дастлаб мутахассислар томонидан психофаол ва психотроп моддаларнинг инсон саломатлигига салбий таъсири ҳақида маълумотлар берилди. Ушбу моддалар нафақат соғлигимизга салбий таъсир кўрсатиши, балки ижтимоий, маънавий муҳит барқарорлигини бузиши, инсонларни жиноятга етаклаши, шу билан бирга, оилавий муносабатларнинг издан чиқишига сабаб бўлиши алоҳида таъкидланди.
[gallery-21298]
Иштирокчилар томонидан аҳоли, айниқса, ёшлар орасида ана шу моддалар ноқонуний айланмасининг олдини олиш, уларнинг истеъмол қилинишига йўл қўймаслик, бу борадаги салбий ҳолатларга қарши жиддий курашиш, айниқса, тарғибот ишларини янада кучайтириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, давра суҳбатида кибержиноятлар, унинг турли шакллари бўйича ҳам маълумотлар берилди. Жумладан, ижтимоий тармоқлардаги ноқонуний фаолият, фирибгарлик, шахсий маълумотларни ўғирлаш, ахборот тизимларига зарар етказиш каби ҳолатлар ҳақида видеороликлар намойиш этилди. Иштирокчиларга ана шундай ҳолатларга тушиб қолмаслик, ҳушёр ва огоҳ бўлишга оид буклет ва бошқа тарғибот материаллари тарқатилди.
Талаба- ёшлар тадбир мавзуси доирасидаги ўзларини қизиқтирган саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоблар олди.
Якунда ёшлар орасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда самарали профилактик ишлар олиб бораётган бир гуруҳ фаоллар Ички ишлар бошқармаси ва университет раҳбарияти томонидан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари