Доҳада Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тақдимоти бўлиб ўтди
Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тақдимоти ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган ушбу марказ фаолияти, унинг илмий-маърифий имкониятлари ва халқаро ҳамкорлик йўналишларини халқаро жамоатчиликка танитиш тақдимотнинг асосий мақсади бўлди.
Марказ матбуот хизмати маълумотига кўра, ушбу нуфузли тадбир Қатар Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатия институтида ўтказилиб, унинг доирасида халқаро илмий семинар ҳам ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ва Қатарнинг илм-фан, таълим ҳамда маданият соҳалари вакиллари иштирок этди. Анжуманда Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан буюк алломаларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси, ислом илмларининг ривожланиши ва икки мамлакат ўртасидаги илмий-маданий алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир Ўзбекистоннинг Қатардаги элчиси Ашраф Хўжаев, Қатар давлат вазири ва Миллий кутубхона раиси доктор Ҳамад бин Абдулазиз ал-Куворий ҳамда Қатар Цивилизациялар альянси қўмитаси вакили доктор Аҳмад бин Ҳасан ал-Ҳаммодийнинг кириш сўзлари билан очилди.

Қатар Миллий кутубхонаси раиси доктор Ҳамад бин Абдулазиз ал-Куворий ўз нутқида Ўзбекистоннинг жаҳон илм-фани ва ислом цивилизацияси тарихидаги ўрнига алоҳида тўхталди.
Унинг таъкидлашича, Мовароуннаҳр замини асрлар давомида бутун инсоният тараққиётига таъсир кўрсатган буюк мутафаккир ва олимларни етиштириб берган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино ва Мирзо Улуғбек каби алломаларнинг илмий мероси бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Шунингдек, у Бухоро, Самарқанд ва Тошкентнинг Буюк ипак йўлидаги муҳим марказлар бўлганини қайд этди. Бу шаҳарлар орқали нафақат савдо-сотиқ ривожланган, балки турли халқларнинг билим ва тажрибаси, илмий қарашлари ҳам кенг тарқалган.

Халқаро семинарда Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов «Ислом цивилизацияси маркази: миссияси, лойиҳалари ва ҳамкорлик йўналишлари» мавзусида маъруза қилди. У Марказнинг ташкил этилишидан кўзланган мақсадлар, амалга оширилаётган лойиҳалар ва келгусидаги режалар ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, Ўзбекистоннинг кўп асрлик илмий ва маънавий меросини ўрганиш, буюк аждодларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини кенг ёритиш ҳамда ушбу билимларни ёш авлодга етказиш Марказ фаолиятининг устувор йўналишлари экани таъкидланди.

Фирдавс Абдухолиқов тарихий меросга фақат ўтмишдан қолган бойлик сифатида қараш тўғри эмаслигини қайд этди. Унинг фикрича, ҳар бир қўлёзма, ҳар бир илмий асар ва кашфиёт ортида катта меҳнат, изланиш ва тафаккур мужассам. Шу боис тарихий обидалар ва маданий бойликларни сақлаш билан бирга, уларнинг мазмун-моҳиятини бугунги авлодга тушунарли тарзда етказиш ҳам муҳим.
—Мерос олдидаги масъулиятимизни тўрт вазифада кўрамиз: асраш, ўрганиш, бойитиш ва келгуси авлодларга етказиш. Меросни асраб хотирамизни сақлаймиз, уни ўрганиб тафаккуримизни бойитамиз, янги билим яратиб цивилизация давомийлигини таъминлаймиз, Ислом цивилизацияси маркази директори Ф.Абдухолиқов.
Унинг фикрича, Марказга ташриф буюрган ёшларда аждодлар меросига қизиқиш билан бирга, илм-фанга интилиш ва янги кашфиётлар қилиш истаги ҳам уйғониши керак. Зеро, тарихий мероснинг энг катта қадри унинг бугунги ва келажак авлодлар учун янги имкониятлар очиб беришида намоён бўлади.

Семинар давомида Ўзбекистон заминида шаклланган илмий мактаблар, ислом илмлари тараққиёти ва буюк алломаларнинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссасига бағишланган маърузалар ҳам тингланди.
Тадбирда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг амалий йўналишлари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, халқаро конференциялар ташкил этиш, қўлёзмаларни рақамлаштириш, араб тилини ўрганиш ва замонавий технологиялардан фойдаланиш борасида тажриба алмашиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Қатардаги Ҳамад бин Халифа университети Ислом тадқиқотлари факультетининг Ислом цивилизациясига мусулмонлар қўшган ҳиссани ўрганиш маркази катта илмий тадқиқотчиси Муҳаммад Модассир Али икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, Қатар араб тилини ўқитиш, қўлёзмаларни рақамлаштириш ва замонавий технологияларни қўллаш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёр. Ўзбекистон эса ўзининг бой тарихий ва маданий мероси орқали ушбу ҳамкорликка муносиб ҳисса қўша олади. Бундай шериклик нафақат илмий алоқаларни, балки икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни ҳам мустаҳкамлайди.
Тақдимот доирасида Ислом цивилизацияси маркази томонидан нашр этилган китоблар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Иштирокчилар ушбу нашрлар орқали Ўзбекистоннинг бой тарихий, илмий ва маънавий мероси, буюк алломалар ҳаёти ва ижоди билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Н.Усмонова,
ЎзА