"Дийдор" театр-студиясининг навбатдаги янги спектакли
"Дийдор" ёшлар экспериментал театр-студияси доим санъат ихлосмандлари эътиборига бадиий баркамол, томошабинни жиддий фикр юритишга чорлайдиган, ҳар жиҳатдан пухта асарларни тақдим этиб келмоқда.
Томошабинлар учун навбатдаги туҳфа бўлган ана шундай спектакль Нобель мукофоти совриндори, таниқли адиб, журналист, ношир Габриэль Гарсиа Маркеснинг “Бузрукнинг кузи” романи асосида саҳналаштирилган “Бузрук ҳақидаги афсона” спектакли бўлди.

Маълумки, Маркеснинг асарлари асосидаги спектакллар жаҳон театр саҳналарида муттасил саҳналаштириб келинади. Бу асарлар долзарблиги, ҳаётийлиги, ҳаёт манзараларининг борича ифода этгани, ҳақиқатга йўғрилгани билан юксак қадрланади.
Адабиётнинг чин мухлислари Маркеснинг “Бузрукнинг кузи” асарини она тилимизда Ўзбекистон Қаҳрамони, устоз ижодкор Иброҳим Ғафуров таржимасида катта қизиқиш билан ўқиб чиққан. Асарда сохтакорлик, риё, зулмнинг барибир куни келиб барҳам топиши маҳорат, ҳам реализм, хаёлий тўқималар воситасида ифода этилган.
Томошабинларга залворли асарларни тақдим этувчи “Дийдор” театр жамоаси бу гал ҳам мазкур спектаклни саҳналаштириш жараёнига улкан масъулият билан ёндашгани премьера чоғида яна бир карра намоён бўлди.

...Кексайиб қолган бузрук – генерал бир пайтлар ҳокимиятга қандай эришганини ҳам унутиб қўяди. Мутлақ ҳокимлик касаллиги уни инсоний қиёфадан буткул айирган эди. Энди у амал курсисисиз, тожу -тахтсиз ўз ҳаётини ҳатто тасаввур ҳам эта олмайди...
Таниқли режиссёр Бобур Йўлдошев бадиий раҳбарлик қилган ушбу спектаклни россиялик режиссёр Александр Патрушев саҳналаштирган. Спектаклдаги асосий ролларни Эгамберди Раҳимов, Карим Мирҳодиев, Зафар Қутлимуратов, Умид Узоқов, Саламат Зарипбаев, Анвар Ҳамроқулов, Анастасия Пак, Мафтуна Исагалиева, Ирода Қосимова, Малика Ҳабибуллаева каби актёрлар ижро этган. Рассом – Доно Ғаниева.
“Дийдор” ёшлар экспериментал театр-студиясининг ушбу янги спектакли мухлислар томонидан илиқ кутиб олинди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири