Дипломатик ваколатхоналар ўртасидаги мини-футбол турнири қизғин паллада
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар жамоалари ўртасида мини-футбол бўйича XX халқаро юбилей турнири ўтказилмоқда.
Мусобақа Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Дипломатик сервис хизмати» ДМ томонидан ташкил этилмоқда. Турнирда 20 та жамоа иштирок этади.
Улар орасида АҚШ, БАА, Буюк Британия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Қувайт, Россия, Саудия Арабистони, Тожикистон ва Франция дипломатик ваколатхоналари, шунингдек, БМТ, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, «LUKOIL» компанияси, VFS Global Services жамоалари ҳамда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва «Дипломатик сервис хизмати» ДМ жамоалари бор.


Айни вақтга келиб мусобақада гуруҳ босқичи учрашувлари ўз якунига етди ва 8 та жамоа чорак финал босқичига чиқди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси стадионида ўтказилаётган XX халқаро мини-футбол турнирининг чорак финал баҳсларида Россия Федерацияси - Эрон Ислом Республикаси, “LUKOIL” компанияси - “VFS Global Services – UKBN Europе”, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги - Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Америка Қўшма Штатлари - Тожикистон Республикаси жамоалари ўзаро рақобатлашади.
Таъкидлаш жоиз, дипломатик жамоалар ўртасидаги мазкур мусобақа бу йил йигирманчи бор ташкил этилиб, ўзининг юбилейини нишонламоқда. У йиллар давомида дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари ўртасида дўстона муносабатлар, ўзаро мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган анъанавий спорт тадбирига айланган.



Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, алоҳида номинацияларда юқори натижа қайд этган иштирокчилар тақдирланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Носир Ҳайдаров (сурат),
ЎзА