Диний таълим муассасалари битирувчилари иш билан таъминланмоқда
2025–2026-ўқув йилида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларини жами 454 нафар иқтидорли ёш тамомлади.
Улар орасида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти магистратурасининг илк битирувчилари — 10 нафар магистр ҳам бор.
Айни пайтда битирувчиларни эгаллаган мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш, шунингдек, таълимнинг кейинги босқичида ўқишини давом эттиришини қўллаб-қувватлаш ишлари изчил давом этмоқда.
Хусусан, 145 нафар ёш мутахассис диний соҳа муассасалари ва ташкилотларида расман фаолият бошлади. Шунингдек, уларнинг 3 нафари Ўзбекистон мусулмонлари идораси Марказий аппаратида, 1 нафари идоранинг Тошкент шаҳар вакиллигида, 13 нафари масжид имом-хатиби, 118 нафари имом ноиби сифатида иш бошлаган. Яна 10 нафар битирувчи диний таълим муассасаларида педагог-ўқитувчи сифатида фаолият юритмоқда.



Шу билан бирга, 112 нафар ёш таълимнинг кейинги босқичига қабул қилинган. Уларнинг 44 нафари магистратурада таҳсил олишни давом эттирмоқда. Ўрта махсус диний таълим муассасаларини тамомлаган 68 нафар йигит-қиз эса олий диний таълимнинг бакалавриат босқичига қабул қилинган.
Янги тайинланган мутахассислар Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Фарғона, Наманган, Қашқадарё, Жиззах, Хоразм, Сурхондарё ва Навоий вилоятларидаги масжидлар ҳамда диний таълим муассасалари жамоаларига таништирилиб, ўз вазифаларини бажаришга киришди.

Қайд этиш жоизки, битирувчиларнинг бир қисми меҳнат фаолиятини бошлаган бўлса, яна бир қисми илмий ва таълимий салоҳиятини ошириш мақсадида ўқишни давом эттирмоқда. Бу эса диний таълим тизимида ёш кадрлар захирасини шакллантириш ва соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади
Ҳамроз Баёнов, ЎзА