Диний экстремизм ва терроризм — тараққиёт ва барқарорликка таҳдид
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Терроризмга қарши курашиш бошқармаси ташаббуси билан Гулистон шаҳрида жойлашган 4-умумтаълим мактабида юқори синф ўқувчи-ёшлари иштирокида ҳуқуқий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг онгида миллий ғоя ва мафкурага садоқатни мустаҳкамлаш, уларни диний экстремизм ва терроризм каби таҳдидли иллатларнинг мазмун-моҳияти, шунингдек, жамият тараққиёти ва барқарорлигига етказадиган салбий оқибатлари ҳақида кенг қамровли маълумотлар билан таъминлашдан иборат бўлди.

Йиғилиш давомида Гулистон шаҳар ИИБ Терроризмга қарши курашиш хизмати ТҚКГ тезкор вакили, лейтенант Фарангиз Салоҳиддинова сўзга чиқиб, экстремистик ғояларнинг айниқса ёшлар онгини заҳарлашга қаратилган хавфли жиҳатларига эътибор қаратди.

– Бугунги глобаллашув ва ахборот тезкорлиги шароитида ёшлар турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслиги учун уларда мустаҳкам ҳуқуқий ва маънавий иммунитетни шакллантириш ниҳоятда муҳим. Ҳушёрлик, онгли ёндашув ва қонунга итоаткорлик ҳар бир фуқарони, айниқса, ёшларни экстремизм ва терроризм хавфидан асрайди, – деди у.
Шунингдек, тадбирда ахборот маконида учраётган хатарлар, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган ёлғон ва бузғунчи ғояларни таниб олиш, уларга қарши маърифий ёндашувни кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ёшлар ҳушёрликка, огоҳликка ва фаол фуқаролик позициясига чорланиб, тинчлик-осойишталикни асраш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи экани алоҳида таъкидланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири