ДХХ кубоги: Ғолиблар тақдирланишди
Бухоро вилоятида ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган ишлар яна бир муҳим воқеа билан бойиди. Ёшлар ўртасида футбол ва мини футбол, қизлар ўртасида эса мини футбол бўйича ўтказилган “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” мусобақаларининг вилоят босқичи якунланиб, ғолибларни тақдирлаш маросими ҳақиқий спорт байрамига айланди.
Тантанали тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, спорт фахрийлари, мураббийлар, жамоатчилик ҳамда юзлаб ёшлар иштирок этишди. Майдонларда намоён этилган жасорат, жамоавийлик ва ғалабага интилиш кайфияти тақдирлаш маросимида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топди.


Маросимда сўзга чиққан Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бу мусобақа нафақат ғолибларни муносиб эътироф этиш, балки мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати, оммавий спортни ривожлантириш ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаси эканини таъкидлади.

Қайд этилганидек, Президентимиз раҳбарлигида юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, ҳар томонлама баркамол, соғлом ва Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган ёш авлодни тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу каби мусобақалар эса ёшларнинг иқтидорини юзага чиқариш, уларни бир мақсад атрофида бирлаштириш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жорий йилги мусобақаларнинг кўлами ҳам эътиборга молик. Вилоятнинг 516 та маҳалла футбол жамоаси “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” учун ўзаро беллашди. Бир неча босқичларда кечган қизғин учрашувлар давомида минглаб ёшлар ўз маҳалласи шарафини муносиб ҳимоя қилди. Финал босқичига етиб келган энг кучли жамоалар эса томошабинларга ҳаяжонли ва муросасиз баҳсларни тақдим этди.

Якунларга кўра, катта футбол баҳсларида Пешку туманининг “Қорақалпоқ” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси вилоят чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. Ромитан туманининг “Ибн Сино” маҳалла жамоаси иккинчи, Бухоро туманининг “Маданият Работ” маҳалла жамоаси эса учинчи ўринни қўлга киритди.

Қизлар ўртасидаги мини футбол мусобақасида Когон туманининг 3-ҳудуд жамоаси тенгсиз деб топилди. Ўғил болалар ўртасидаги мини футбол баҳсларида ҳам Пешку туманининг “Қорақалпоқ” маҳалла жамоаси ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Иккинчи ўрин Шофиркон туманининг “Жўйрабод” маҳалла жамоасига, учинчи ўрин эса Ромитан туманининг “Ибн Сино” маҳалла жамоасига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорларга кубоклар, медаллар, дипломлар ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Шу билан бирга, мусобақалар давомида юқори маҳорат, етакчилик ва спорт маданиятини намоён этган бир қатор ёш футболчилар турли номинациялар бўйича ҳам муносиб тақдирланишди.
Спорт мусобақаларининг шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаган ҳакамлар, ташкилий ишларга муносиб ҳисса қўшган мутасадди ташкилотлар ва фаоллар меҳнати ҳам юксак баҳоланди. Бу эса спорт орқали жамиятда ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва масъулият муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Тақдирлаш маросими концерт дастури билан давом этди. Машҳур санъаткорлар чиқишлари, ёшлар қалбидаги қувонч ва ғолибларнинг юзидаги табассум ушбу кунни янада унутилмас байрамга айлантирди.
“Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” мусобақалари яна бир бор исботладики, маҳаллаларда спортга бўлган қизиқиш йил сайин ортиб бормоқда. Майдонларда чиниққан бугунги ёшлар эртанги куннинг нафақат моҳир спортчилари, балки Ватан равнақи учун масъулиятни ҳис этадиган, соғлом ва ватанпарвар авлод сифатида камол топмоқда. Бухорода кечган ушбу спорт байрами эса ёшлар қалбида ғалабага ишонч, бирдамлик ва юксак мақсадлар сари интилиш руҳини янада мустаҳкамлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири