Депутат ижтимоий ҳимоя ва йирик инвестиция лойиҳалари билан танишди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулжан Халмуратова Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманида амалий ташриф билан бўлиб, маҳаллаларда олиб борилаётган ишлар, ижтимоий муассасалар фаолияти ҳамда ҳудудда амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари билан яқиндан танишди.
Депутатнинг дастлабки манзили тумандаги “Шамчироқ” маҳалла фуқаролар йиғинида “маҳалла еттилиги” билан учрашди. Учрашувда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2026 йил 16 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маҳаллалар олдига қўйилган устувор вазифалар ижроси муҳокама қилинди.

Хусусан, аҳоли муаммоларини хонадонбай ўрганиш, оилаларни камбағалликдан чиқариш, ишсиз фуқароларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш, тадбиркорлик ва янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, ҳудудда ижтимоий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Депутат Г.Халмуратова “маҳалла еттилиги” аъзоларининг ўз вазифаларига масъулият билан ёндашиши, ҳар бир хонадон ва ҳар бир оиланинг муаммосини аниқлаб, уни ҳал этишга амалий кўмак бериш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, маҳалланинг мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кўпайтириш ҳамда берилган топшириқларнинг ижросини тизимли назорат қилиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди. Маълумот ўрнида, мазкур маҳаллада 6 минг 200 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалланинг драйвери асосан савдо йўналишига ихтисослаштирилган. Маҳаллада аҳолининг бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар ёшлар масаласи, маҳалла инфраструктурасини янада яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, маҳалладаги мавжуд муаммолар ҳам тингланди. Хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш, томорқа ерларни суғоришда сув таъминоти, давлат грантлари асосидаги лойиҳаларни амалга ошириш, хотин-қизларни тадбиркорлик ва касб-ҳунарга йўналтириш, ҳудудда чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Мазкур муаммоларни атрофлича ўрганиб, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича келишиб олинди.
Учрашув якунида “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликни янада кучайтириш, аҳоли мурожаатларини жойида ҳал этиш, шунингдек, Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларнинг сифатли ва самарали ижросини таъминлашга келишиб олинди.
Кейинги манзил кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун “Тахиатош” санаторияси бўлди. Халқ вакили санаторияда дам олувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, санаторияда ишловчи шифокор ва ҳамширалар билан ҳам мулоқот қилди.
Маълумот ўрнида, мазкур санаториянинг асосий биноси уч қаватдан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикаси вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг туман тиббий-ижтимоий бўлимлари томонидан йўлланма асосида келувчи дам олувчилар учун жами 75 ўринга мўлжалланган бўлиб, бунга қўшимча аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш бўлими 2009 йил апрель ойида 10 ўринга очилган, кейинчалик 25 ўринга кенгайтирилган, 2018 йили 37 ўринга кенгайтирилган ва ҳозирги кунга келиб 2023 йил апрель ойидан буён 50 ўрин бўлиб фаолият юритиб келмоқда. Санаториянинг асосий профили ҳаракат-таянч ва асаб тизими касалликларини даволаш учун мўлжалланган.
2022 йили тендер савдолари асосида аниқланган Бош пудратчи томонидан реконструкция ишлари тўлиқ бажарилган ҳамда бино фойдаланишга топширилган. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгес Президиумининг қарори асосида тўлиқ зарур инвентарлар ва мебеллар билан таъминланди. Қонунчилик палатаси депутати санатория фаолияти билан яқиндан танишар экан, бош шифокор ва даволовчи шифокорлар, ҳамширалар билан мулоқот қилиб, уларнинг фикр ва таклифларини ҳам тинглади.
Куннинг иккинчи ярмида халқ вакили тумандаги “Найманкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудида амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳаларидан бири "KEYCORE" масъулияти чекланган жамияти хорижий корхона томонидан амалга оширилаётган “Сунъий интеллект маълумотлар марказини қуриш” лойиҳаси билан танишди. Лойиҳа доирасида 22,99 гектар ер майдонида замонавий сунъий интеллект маълумотлар маркази барпо этилиб, 100 та янги иш ўрни яратилади. Мазкур инвестиция лойиҳаси ҳудудда юқори технологияларни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни кенгайтириш ва янги иш ўринларини яратиш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир. Мазкур лойиҳа нафақат Тахиатош тумани, балки бутун ҳудуднинг инвестицион салоҳиятини ошириш, юқори технологияларни жорий этиш ва янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Депутат “Марказий” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Тазабай строй” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган “Савдо ва кўнгилочар маскан ташкил этиш” лойиҳаси билан ҳам яқиндан танишди. Лойиҳа доирасида 13 миллиард сўм инвестиция киритилиши, 100 та янги иш ўрни яратилиши, қурилиш ишларининг белгиланган режа асосида олиб борилаётганлиги бўйича ҳам фикрлар алмашилди. Мазкур қурилиш ишлари билан яқиндан танишар экан, бундай йирик инвестиция лойиҳаларининг самарали амалга оширилиши ҳудуд иқтисодиёти ривожи ва янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилиши таъкидланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири