Депутат аҳоли муаммоларини ўрганмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азиза Аминова томонидан Навоий вилоятининг Кармана туманидаги маҳаллаларда ўрганиш ишлари олиб борилди. Хусусан, депутат Дўрмон маҳалласи аҳолиси билан учрашиб, ҳудуддаги мавжуд муаммолар, фуқароларни қийнаётган масалалар ва аҳоли ташаббуслари билан яқиндан танишди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда 100 нафардан ортиқ маҳалла аҳли иштирок этди.
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида аҳоли билан очиқ мулоқотларни кенгайтириш, фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш, аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳудудларда муносиб шароит яратишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Учрашувда асосий эътибор маҳалланинг ички йўлларини яхшилаш масаласига қаратилди. Маълум бўлишича, Дўрмон маҳалласидаги 2,5 километр ички йўлларни таъмирлаш ва ободонлаштириш бўйича “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси шакллантирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 595 миллион сўмни ташкил этади. Бироқ лойиҳа овоз бериш жараёнида етарлича овоз тўплай олмагани сабабли ғолиблар қаторига кирмаган.
Депутат ўрганиш жараёнида мазкур лойиҳанинг ижтимоий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Чунки ички йўлларнинг ҳолати, аввало, аҳолининг кундалик ҳаракати, тез тиббий ёрдам, ёнғин хавфсизлиги, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига қатнови каби муҳим масалаларга бевосита таъсир кўрсатади.
Маҳалла аҳли билан суҳбатлар давомида фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммоларни баён этиб, йўлларни таъмирлаш масаласи улар учун энг долзарб масалалардан бири эканини таъкидладилар.
Жойига чиққан ҳолда кўчанинг бугунги ҳолати ўрганилиб, мавжуд муаммолар кўздан кечирилди.

Бугунги кунда “Ташаббусли бюджет” жараёнида иштирок этиб, етарли овоз тўплай олмаган, бироқ ижтимоий аҳамияти юқори бўлган лойиҳаларни депутатлар ташаббуси асосида амалга ошириш имконияти ҳам мавжуд. Бу эса аҳоли учун муҳим бўлган, аммо турли сабабларга кўра қўллаб-қувватлаш босқичидан ўта олмаган лойиҳаларни яна бир бор кўриб чиқиш ва уларга ечим топиш имконини беради.
Бундай учрашувлар депутат ва сайловчи ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш билан бирга, халқнинг таклиф ва ташаббусларини аниқ манзилга йўналтиришга хизмат қилади. Энг муҳими, фуқаролар томонидан билдирилаётган ҳар бир ташаббусга эътибор билан ёндашиш, унинг ижтимоий аҳамиятини ўрганиш ва амалий ечим топиш халқ вакили фаолиятининг устувор вазифаларидан биридир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири