Демократлар ғалабасидан сўнг AI бозорида саросима бошланди
ВВС хабарига кўра, АҚШ Конгрессига сайловда Демократик партия ғалаба қозонгандан кейин мамлакат ва Осиё фонд биржаларида юқори технология соҳасидаги компаниялар акцияси кескин арзонлашди. “Nasdaq” биржаси қарийб 2,5 триллион доллар, Илон Маск компанияларининг умумий қиймати эса 300 миллиард доллар камайди.
Инвесторлар демократлар сунъий интеллект ривожини қатъий назорат қилиши, янги лойиҳаларни чеклаши, қолаверса соҳага киритилаётган улкан маблағ ўзини оқламаслиги мумкинлигидан ҳам хавотирда. Шу боис “Nasdaq” индекси бир ойдан бери пасаймоқда.
Сармоядорлар нафақат сарфланаётган пул кутилган даромадни бермаслиги, балки маълумот марказлари қурилиши ҳам кескин секинлашишидан огоҳлантиряпти.
Акция нархи тушиши биринчи навбатда маълумот марказлари барпо этишга алоқадор компаниялар, хусусан митти чип ва ярим ўтказгич ишлаб чиқарувчиларга таъсир кўрсатади.
Қайд этиш жоиз, Маск республикачиларнинг сайлов олди кампаниясига қарийб 450 миллион доллар сарфлаган. Бу маблағнинг 45 миллион доллари Техасдан сенаторликка номзод Кен Пэкстонни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Бинобарин, анъанавий равишда республикачилар устунлик қилиб келган бу штатда энди демократлар ғалаба қозонди.
Осиё фонд бозоридаги йирик технология компаниялари қимматли қоғози эса АҚШдагидан ҳам кўпроқ арзонлашди.
Демократик партиянинг кўплаб номзодлари сайлов олди кампанияси давомида маълумот марказлари ва СИ тараққиётини секинлаштиришга ваъда берган. Уларнинг фикрича, мазкур соҳа ҳаддан ташқари тез ва етарли назоратсиз ривожланмоқда.
Энди улар Конгресснинг ҳар икки палатасида кўпчилик ўринни қўлга киритгани ва муҳим лавозимларга ўз вакиллари сайланиши ортидан ваъдасини амалга ошириш имконига эга. Инвесторлар хавотири ҳам айнан шунда: сунъий интеллект ривожланиши ва маълумот марказлари қурилишига чеклов киритилиши технология компанияларининг келгуси даромадига тушов қўйиши мумкин.
Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА