Демократия – узоқ ва машаққатли йўл
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида 2020 йил халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати, аҳоли ва давлат органларининг биргаликдаги саъй-ҳарактлари туфайли мавжуд қийинчиликларни мардона енгиб ўтилганига алоҳида урғу берилди.
Бу бежиз эмас албатта. Чунки, сўнгги юз йиллик даврда рўй бермаган бундай кенг кўламдаги “коронавирус” деган офат XXI асрда бутун инсониятни оғир синовдан ўтказди. Дунёда рўй бераётган ва инсон табиатига хос бўлмаган воқеа-ходисаларга бефарқ муносабатда бўлишни бошлаган одамзод кўринмас “зарра” қаршисида нақадар ожиз эканлигини кўрсатиб қўйди.
Мурожаатномада таъкидланганидек, “Охирги маълумотларга кўра, дунёнинг 191 мамлакатида 81 миллион киши коронавирус билан касалланган. Улардан 1 миллион 765 минг нафари вафот этган.
Пандемия жаҳон иқтисодиёти учун – шунга эътибор беринг – ҳар ойда қарийб 400 миллиард доллар миқдорида зарар келтирмоқда. Бугунги кунга қадар дунё бўйича 500 миллионта иш ўрни йўқотилган.
Афсуски, бу офат бутун инсоният қатори халқимиз учун ҳам кутилмаган ташвиш ва мураккаб муаммоларни келтириб чиқарди. Бухоро ва Сардобада юз берган табиий ва техноген офатлар ҳам эл-юртимизнинг иродасини яна бир бор синовдан ўтказди”.
Дарҳақиқат, тақдим этилган Мурожаатноманинг энг муҳим жиҳати ҳақида гапирилганда, мамлакатимизни яқин ва узоқ йилларга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий ва сиёсий соҳалардаги энг муҳим йўналишларини аниқ белгилаб берганида бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг “- Ҳаёт олдимизга яна қанча синов ва муаммоларни қўйиши мумкин ва биз ҳар қандай ҳолатга тайёр туришимиз зарур. Лекин қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, демократик ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Олдинга, фақат олдинга қараб борамиз. Ва биз бунга ҳар томонлама қодирмиз. Чунки бугунги халқимиз – кечаги халқ эмас. Бугунги Ўзбекистон ҳам – кечаги Ўзбекистон эмас”, деган эътирофлари таъбир жоиз бўлса, Мурожаатномада билдирилган таклиф-мулоҳазалар, илгари сурилган принципиал ғояларнинг таянч нуқтаси бўлди.
Шу ўринда, кўпчилик томонидан ҳанузгача бериладиган Демократия нима?, Демократик жамият нима?, Демократик давлатда ҳокимиятни кимлар бошқаради?, Демократик ислоҳотлар нима учун керак деган, ҳақли саволларга жавоб топишимизга тўғри келади. Тўғри, Мурожаатномада бу каби саволларга аниқ жавоблар бор. Бироқ биз бу масалага учинчи томондан ёндашишга ҳаракат қилиб кўрмоқчимиз.
Чунки, юқоридаги саволларга жамиятда аниқ жавоблар бўлмаса, ёки унинг иштирокчиси бўлган оддий халқ демократия ҳақида энг зарур бўлган тушунчага эга бўлмаса, ўзининг хатти-ҳаракатлари билан давлат ва жамият тараққиётига хисса қўшиш у ёқда турсин, унинг таназзулга юз тутишига сабабчи бўлиб қолиши ҳеч гап эмас, деб ўйлаймиз. Биз буни кўп йиллар аввал гувоҳ бўлган киши сифатида айтаяпмиз.
Келинг шу ерда озроқ лирик чекиниш қилайлик. Бир вақтлар машҳур хонанда айрим “санъаткорлар”га қаратиб, “Демократия – иштонингни ечиб, саҳнага чиқавер, дегани эмас”, деган иборани ишлатган эди. Албатта, бу бежизга айтилмаган. Демак, бу аҳолининг турли қатламлари орасида “демократия” деган иборани турлича тушунадиган ва талқин қиладиганлар йўқ эмас, деган хулосани беради.
Қолаверса, бир вақтлар Англиянинг собиқ Бош вазири Уинстон Черчилльнинг “Демократия – бошқарувнинг энг ёмон шаклидир, бироқ инсоният бундан яхшироғини ҳали ўйлаб топгани йўқ” деган фикри, шубҳасиз, кўпчиликни ўйлантириши табиий.
Хўш, демократия нима? Келинг, бу ҳақида кўпчилигимиз билган ва демократия тушунчасига берилган умумий таърифга эътиборингизни қаратайлик.
Демокартия (юн. demos - халқ ва kratus - бошқарув), бу “халқ ҳокимияти” деган тушунчани беради. Умумий тарзда демократия деганда ҳамманинг манфаатлари йўлида кўпчиликнинг ҳокимияти ва озчиликнинг иродасини ҳурмат қилиш тушунилади.
Ҳозирги вақтда кенг истеъмолга кириб улгурган “ғарб демократияси” ва “шарқона демократия” деган тушунчалар кўпчиликда бир қарашда демокартия ҳам икки қутбга бўлинадими, деган саволни келтириб чиқаради. Йўқ албатта. Умум эътироф этилган демократия тушунчаси дунёнинг қайси бир четига борманг унинг умумий қадриятлари бир хил. Ва у бирдек талқин қилинади. Бироқ, дунёда шундай сиёсий кучлар ва қатламлар борки, улар томонидан соф демокартик қадриятлар бузиб талқин қилинади. Улар демокартия деган олий тушунчани ўзларининг нафс манфаатлари йўлида ишлатишга урунишади. Бу бутун инсоният учун ҳам, қолаверса аҳолимиз учун ҳам жуда хавфли бўлиб, ундан доимо огоҳ бўлишимиз керак.
Шу боисдан ҳам демократияни устувор қадрият сифатида ўрганиш, ижтимоий ҳаётга жорий этиш, бир томондан жаҳон халқлари демократия анъаналарини пухта ўрганиш ва ўзлаштиришни, иккинчи томондан аждодларимизнинг адолатли жамият барпо этиш борасидаги қарашларини бугунги кунга жорий этиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бормоқда.
Умуман демократия – юқори даражада ривожланган кишилар жамияти, инсоният эришган буюк неъмат, кўпчиликка маъқул яшаш тарзи ҳисобланади. Аммо унинг амалга ошиши барча мамлакатларда бир хил эмас. Ҳар бир мамлакат демократиянинг умумий қадрият ва тамойилларини ўз миллий қадриятлари заминида, ўз халқининг узоқ тарихи давомида шаклланган анъаналари билан қўшиб қабул қилганини яхши биламиз. Масалан, АҚШ ёки Англия, Франция (бошқа Европа мамлакатлари ҳам) демократик давлатлар бўлсаларда, лекин ҳар бири ўз миллий руҳи, анъаналарини ҳам сақлаган. Шу каби Япония, Корея, Малайзия каби мамлакатларда ҳам демократик тузум миллий ва диний эътиқод удумлар негизида амал қилаётгани сир эмас.
Демак шундай экан, Ўзбекистонда ҳам биз ана шундай бўлиши учун интилишимиз шарт ва табиий ҳолат ҳисобланади.
Шуни мамнуният билан айтишимиз мумкин, Ўзбекистон ҳам ўзи учун маъқул деб билган демократик тараққиёт йўлини танлаб олганига шубҳа йўқ. Бироқ бу мақсадга эришишимизда, Президентимиз таъбири билан айтганда, қийин ва машаққатли йўл турибди.
Албатта, бунинг ўзига хос объектив ва субъектив сабаблари бор. Булар, бизнингча қуйидагилардан иборат деб ўйлаймиз:
биринчи, ўзида миллий умумбашарий, маҳаллий хусусиятларни бирлаштирган, ўзига хос кўринишда бўлган – Шарқона демократияни жорий қилиш;
иккинчи, жамият сиёсий тизимини халққа яқинлаштириш, сиёсий адолатсизликларнинг олдини олиш – Сиёсий демократияни мустаҳкамлаш;
учинчи; бугунги давр ва дунёда юз бераётган демокартик ислоҳотлар жараёнига ҳамоханг бўлган – Ижтимоий демокартияни барпо этиш.
Демокартиянинг ушбу қайд этилган энг устувор қадриятларини мамлакатимизда барпо этиш йўллари Президентимиз Шавкат Мирзиеёевнинг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида билвосита устувор вазифа этиб белгиланган.
АБДУМАННОБ РАХИМОВ,
Тошкент давлат юридик университети
Конституциявий ҳуқуқ кафедраси ўқитувчиси,
юридик фанлар номзоди