Давлат хизматида кадрлар бошқаруви: Самарадорлик ва рақамлаштириш
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 6 декабрдаги “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан давлат органларида натижага асосланган бошқарув тизими жорий этилмоқда.
Фармон ижроси доирасида Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан идора ва ташкилотларда самарадорликни ошириш, инсон ресурсларини бошқариш жараёнларини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ишларинии ташкил этишга эътибор қаратилмоқда.
Навбатдаги тадбир Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда ташкилиб этилиб, унда инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш учун масъул ходимлар иштирок этди.
Маданият вазири ўринбосари С.Бобожонов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги масъул ходими Д.Маҳкамова иштирок этган тадбир давомида фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга эътибор қаратилди.
Кадрлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ходимлар фаолиятини аниқ натижадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш, кадрлар билан ишлашда шаффофлик ва масъулиятни кучайтириш, инсон ресурсларини бошқариш жараёнларини рақамлаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

hrm.gov.uz платформасида ишлаш самарадорлигини ошириш, тизимдаги маълумотларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини таъминлаш, кадрлар билан боғлиқ жараёнларни платформада ўз вақтида ва белгиланган тартибда юритиш юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди.
Таъкидланганидек, инсон ресурсларини бошқаришда замонавий рақамли ечимлардан фойдаланиш шунчаки техник жараён эмас, балки давлат хизматида очиқлик, ҳисобдорлик ва натижадорликни таъминлашнинг муҳим шарти. Ҳар бир давлат органида кадрлар билан ишлаш тизими ходимларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш, самарали фаолият юритишига шароит яратиш ҳамда ташкилот олдига қўйилган вазифаларнинг сифатли бажарилишига хизмат қилиши лозим.
Муҳокамалар якунида мавжуд камчиликларни бартараф этиш, платформада иш юритиш сифатини ошириш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА