Давлат томонидан ажратилаётган ёрдам эҳтиёжманд оилаларга тўғри йўналтириляптими?
Ижтимоий ҳимоя — ҳаётнинг оғир синовлари қаршисида ёлғиз қолган инсон учун давлат томонидан тақдим этиладиган имтиёз, эртанги кунга ишонч, имконияти чекланган фуқарога суянч бўлиш демак. Зеро, жамиятнинг тараққиёти фақат иқтисодий кўрсаткичлар билан эмас, балки унинг энг заиф қатламига қанчалик ғамхўрлик кўрсата олиши билан ҳам ўлчанади.
Мамлакатимизда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фаолияти йўлга қўйилган, ижтимоий ёрдамда манзиллилик ва самарадорликка эришиш учун барча чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Хўш, ўтган 9 ой давомида Агентлик томонидан қандай амалий ишлар қилинди? Давлат томонидан ажратилаётган ёрдам ҳақиқатан ҳам эҳтиёжманд оилаларга йўналтириляптими?
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати раҳбари Дилфўза Рўзметова томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, республикадаги 208 та туман ва шаҳарда фаолият юритаётган “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда маҳаллалардаги ижтимоий ходимлар орқали 140 турдаги ижтимоий хизмат ва ёрдам аҳолига яқинлаштирилган. Бу эса фуқароларнинг мавжуд муаммоларини яшаш жойининг ўзида аниқлаш, эҳтиёжларини баҳолаш ва зарур ёрдамни ўз вақтида ташкил этиш имконини бермоқда. Шунингдек, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва “Камбағал оилалар реестри” бирлаштирилиб, ягона “Ижтимоий реестр” тизими жорий этилган.
Янги тизим орқали оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати 85 та мезон асосида баҳоланмоқда. Бу давлат томонидан ажратилаётган ёрдамни ҳақиқатан ҳам эҳтиёжманд оилаларга йўналтириш, уларнинг муаммоларини чуқур ўрганиш ва индивидуал қўллаб-қувватлаш чораларини белгилашга хизмат қилмоқда. 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, “Ижтимоий реестр”га 530 мингта оила, яъни 2,2 миллион нафар аҳоли киритилган. Кўрсатилган ижтимоий хизматлар ва қўллаб-қувватлаш чоралари натижасида 26,5 мингта оиланинг даромади 1,5 бараварга ошган.
Қайд этилишича, эҳтиёжманд оилаларга қарийб 426 мингта болалар нафақаси ва 563 мингта электр энергияси ҳамда табиий газ учун компенсация тўлаб берилган. Шунингдек, 16,3 мингта оилага 318,2 миллиард сўмлик фоизсиз кредит ажратилган, 3 минг нафар ёшнинг таълим контракти тўлаб берилган.
Бугунги кунда республика бўйича 1,1 миллион нафар ногиронлиги бўлган шахс ҳисобга олинган. Ҳисобот даврида ногиронликни белгилаш тартиби соддалаштирилиб, ягона стандарт жорий этилди. Энди фуқаролар my.gov.uz портали, маҳалладаги оилавий шифокор ёки ижтимоий ходим орқали мурожаат қилиш имкониятига эга.
Янги тартибга мувофиқ, барча касалликлар учун бир хил 120 кунлик даволаниш муддати талаб этилмайди. Касалликнинг хусусиятидан келиб чиқиб, 30, 60, 90 ёки 120 кунлик муддат белгиланади. Шунингдек, ногиронлик белгиланадиган касалликлар рўйхати кенгайтирилиб, қўшимча 21 та касаллик бўйича ногиронлик белгилаш, 30 та касаллик бўйича эса муддатсиз ногиронлик белгилаш тартиби жорий этилди. Натижада янги стандарт асосида 267,3 минг нафар шахсга ногиронлик белгиланди. 77,3 минг нафар шахс протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация техник воситалари билан таъминланди. 83 минг нафар ногиронлиги бўлган шахснинг бандлиги таъминланди.
Ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам янги хизматлар йўлга қўйилди. Хусусан, 3 ёшгача бўлган болалар учун “Эрта аралашув”, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар учун “Кундузги парвариш” хизматлари ташкил этилди. “Кундузги парвариш” хизмати орқали 6,7 минг нафар бола қамраб олинган бўлса, “Эрта аралашув” хизмати доирасида 1,7 минг нафар болага ваучер шакллантирилди. Бу хизматлар болаларнинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш билан бирга, уларнинг ота-оналарига ҳам психологик ва амалий ёрдам кўрсатишга қаратилган. Шунингдек, ақлий заифлик ёки деменция ташхиси бўлган шахслар учун “Янги кун” кундузги қараб туриш хизмати жорий этилган.
Жорий йилда 1 минг 486 та мактабда инклюзив таълим, 3 минг 950 та инклюзив синф ташкил этилди. Уларда 5,8 минг нафар бола таҳсил олмоқда. Бундан ташқари, 1 минг 158 та мактабда коррекцион ресурс хоналари ташкил этилди. Республика бўйича инклюзив таълим ташкил этилган мактаблар сони 3 минг 774 тага, инклюзив синфлар 8 минг 324 тага етди. Инклюзив таълим билан қамраб олинган ўқувчилар сони эса 11,7 минг нафарни ташкил этмоқда. Яна бир муҳим натижа — уйда таълим олаётган 17,1 минг нафар ўқувчидан 2,2 минг нафари умумтаълим мактабларининг одатий синфларига қайтарилди. Бу болаларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг ижтимоийлашуви ва тенгдошлари билан мулоқотини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
55,4 минг нафар катта ёшли шахсга 227,2 миллиард сўмлик ваучерлар асосида беш турдаги ижтимоий хизмат кўрсатилган. Жумладан, уйда ижтимоий-маиший ёрдам, уйда қараб туриш, тиббий-ижтимоий реабилитация, кундузги қараб туриш ва шахсий ёрдамчи хизматлари ташкил этилган. Кўрсатилган хизматлар натижасида 28,6 минг нафар шахснинг ҳолати яхшиланиб, улар тегишли реестрдан чиқарилган.
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларни уй-жой, таълим ва бандлик билан боғлиқ масалаларда қўллаб-қувватлаш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Республикада 84,8 минг нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож бола ҳисобга олинган. 192,2 миллиард сўм маблағ ҳисобидан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун 609 та уй-жой харид қилинди. Шунингдек, 527 нафар бола олий таълим муассасаларига имтиёзли тартибда қабул қилинган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА