Давлат тилида иш юритишни янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам
Тил ҳар қандай мамлакатнинг юзи ва миллат руҳининг кўзгусидир. Шу маънода, давлат тили ҳисобланган ўзбек тилининг мақоми ва нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 7 августдаги “Республикада давлат тилида иш юритишни самарали ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юртимизда давлат тилида иш юритишни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Мазкур ҳужжат шунчаки расмий ҳужжат эмас, балки ўзбек тилининг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш ва унинг чинакам давлат тили сифатида тўлиқ шаклланишини таъминлашга қаратилган стратегик ислоҳотдир.
Қарорга мувофиқ, республика ва маҳаллий даражадаги барча давлат органлари ҳамда ҳокимликларда раҳбарнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими тўлиқ, самарали йўлга қўйилмоқда. Эътиборли жиҳати, ушбу маслаҳатчиларнинг мақоми ва имтиёзлари ташкилот раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилди. Бу эса соҳа вакилларига катта ваколат бериш орқали тизимли муаммоларни тезкор ҳал этиш имконини яратади.
Маслаҳатчиларнинг асосий вазифаси давлат идораларидаги меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш билан чекланиб қолмайди. Улар ҳудудлардаги ташқи ёзувлар, пешлавҳалар, реклама ва эълонлар матнининг қонун ҳужжатларига мос келишини назорат қилади. Бу чора-тадбирлар кўчаларимиздаги тил бузилиши ҳолатларига чек қўйиш ва соф ўзбек адабий тили муҳитини яратишга хизмат қилади.

Ушбу лавозимга номзодларни танлашда ҳам қатъий ва шаффоф мезонлар белгиланди. Маслаҳатчиликка асосан ўзбек филологияси ва журналистика соҳасида олий маълумотга эга бўлган ҳамда махсус сертификатга эга мутахассислар жалб этилади. Энг муҳими, ушбу маслаҳатчиларнинг вазифаларини бошқа бўлимларга юклаш ёки уларнинг штат бирлигини қисқартиришга йўл қўйилмайди.
Яна бир янгилик ўзбек тилини замонавий рақамли технологиялар, хусусан, сунъий интеллект билан интеграция қилиш вазифаси қўйилганидир. 2027 йилнинг 1 декабрига қадар яратилиши кўзда тутилган сунъий интеллект платформаси ўзбек тилидаги матнларни овозли нутққа айлантириш, хорижий тилларга таржима қилиш ва фото-видеолардаги матнларни ўқиш имкониятига эга бўлади. Бу ўзбек тилининг глобал интернет маконида муносиб ўрин эгаллашини таъминлайди.
Қарорда ижро интизоми ва масъулият масаласига ҳам жиддий ёндашилган. Давлат идоралари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари давлат тили тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши учун шахсан жавобгар этиб белгиланди. Маслаҳатчиларнинг фаолияти эса ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан доимий назорат қилиб борилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу қарор она тилимиз софлигини сақлаш, уни илм-фан ва юқори технологиялар тилига айлантиришда муҳим пойдевор бўлади. Ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг сифатли бажарилиши эса жамиятимизнинг маънавий юксалишига хизмат қилади.
Азизбек Абдувалиев,
Наманган шаҳар ҳокимининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси.
ЎзА