Давлат тили тараққиётида муҳим қадам
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 21 октябрь – Ўзбек тили байрами кунида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга қаратилган қонуннинг имзоланиши давлат тили тараққиётидаги муҳим воқеа бўлди.
Мазкур ўзгаришларнинг аҳамияти ва мазмун-моҳияти ҳақида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Исломжон Қўчқоров ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга қаратилган қонуннинг қабул қилиниши чинакам тарихий воқеа бўлди. Зеро, алифбони такомиллаштириш айрим ҳарфларнинг шаклини ўзгартириш эмас, балки ўзбек тилининг замонавий имкониятларини кенгайтириш, унинг рақамли макондаги ўрнини мустаҳкамлаш ва давлат тилидан фойдаланишдаги айрим амалий муаммоларни бартараф этишга қаратилган муҳим қадамдир.

Амалдаги ёзувдаги Ö, Ğ, Ş ва Ç ҳарфларининг жорий этилиши, шунингдек, алифбо таркибининг такомиллаштирилиши ёзув тизимини яхлитлаш ва ундан фойдаланишни қулайлаштиришга хизмат қилади. Айниқса, бугун ахборот технологиялари, электрон ҳужжат айланиши, маълумотлар базалари ва сунъий интеллект жадал ривожланаётган бир шароитда алифбонинг техник жиҳатдан қулайлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Хўш, бу нима учун муҳим?
Биринчидан, ёзувдаги ноқулайликларни бартараф этиш ва ягона меъёрни мустаҳкамлаш учун. Алифбонинг такомиллаштирилиши ўзбек тилидаги матнларни тайёрлаш, қайта ишлаш ва рақамли тизимларда сақлаш жараёнларини соддалаштириш учун имконият яратади.
Иккинчидан, давлат тилининг рақамли имкониятларини кенгайтириш учун. Бугун тилнинг тараққиёти унинг компьютер, смартфон, қидирув тизимлари, электрон давлат хизматлари ва сунъий интеллект технологияларида қай даражада қўлланилиши билан ҳам белгиланади. Ўзбек тили замонавий технологиялар учун ҳам қулай ва тўлақонли ишлайдиган тилга айланиши зарур.
Учинчидан, давлат тили нуфузини ошириш учун. Ўзбек тили фақат кундалик мулоқот тили бўлиб қолмаслиги керак. У давлат бошқаруви, илм-фан, таълим, иқтисодиёт ва замонавий технологияларнинг ҳам тўлақонли тили сифатида ривожланиши лозим. Алифбони такомиллаштириш ана шу мақсадларга хизмат қилиши мумкин бўлган муҳим қадамлардан биридир.
Албатта, ҳар қандай ислоҳотнинг самараси унинг мақсади қанчалик тўғри белгилангани билангина эмас, балки амалиётга қай даражада пухта ва изчил татбиқ этилгани билан ҳам ўлчанади. Шу нуқтаи назардан, янги алифбога ўтиш жараёнида пухта тайёргарлик, аниқ ташкилий чоралар ва аҳоли учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш муҳимдир.
Айниқса, таълим муассасалари, давлат идоралари, нашриётлар, оммавий ахборот воситалари ва ахборот технологиялари соҳасида ягона ёндашувни шакллантириш зарур. Янги алифбони ўрганиш учун қулай қўлланмалар, электрон луғатлар, имло текшируви дастурлари ва бошқа рақамли воситалар яратилиши, мавжудлари такомиллаштирилиши лозим. Давлат ташкилотлари ҳамда фуқаролар учун тушунтириш ишлари тизимли ташкил этилиши керак.
Қонуннинг муҳим жиҳатларидан бири ўтиш жараёнида фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳисобга олишга қаратилганидир. Амалдаги алифбо асосида расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозларнинг ўз кучида қолиши, айрим пешлавҳа ва кўрсаткичларни эса белгиланган тартибда босқичма-босқич алмаштириш имкониятининг назарда тутилиши ортиқча сарсонгарчилик ва харажатларнинг олдини олиш нуқтаи назаридан тўғри ёндашувдир.
Энг муҳими, бу жараёнда ислоҳотнинг мақсадини жамиятга тўғри тушунтириш, аҳолида янги алифбога нисбатан ишончни мустаҳкамлаш ва унинг амалий афзалликларини намоён этиш зарур. Чунки тил ислоҳоти фақат ҳуқуқий ҳужжат билан эмас, балки халқнинг онгли иштироки, таълим тизимининг тайёрлиги ва давлат идораларининг масъулияти билан муваффақиятли амалга ошади.
Ишончимиз комилки, алифбони такомиллаштиришга қаратилган ушбу қонун изчил ва пухта амалга оширилса, ўзбек тилининг рақамли макондаги имкониятларини кенгайтириш, ёзувдаги айрим муаммоларни бартараф этиш ва давлат тилининг замонавий тараққиётига хизмат қилади. Давлат тилига ҳурмат уни асраш билангина эмас, балки уни ривожлантириш, замон талабларига мослаштириш ва келажак авлодларга мукаммал ҳолда етказиш билан ҳам намоён бўлади. Алифбони такомиллаштириш эса ана шу эзгу мақсад йўлидаги муҳим қадамдир.
ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова ёзиб олди.