Давлат сиёсатининг устувор йўналишларида улуғвор стратегик мақсадлар бор
XXI аср — шиддатли геосиёсий ўзгаришлар, глобаллашув жараёнларининг тезлашуви ва ахборот урушлари авж олган мураккаб давр.
Бундай шароитда бирор-бир давлатнинг чинакам мустақиллиги фақат сиёсий чегаралар дахлсизлиги ёки иқтисодий қудрати билан эмас, балки, унинг маънавий мустақиллик ҳамда халқининг миллий ўзлигини англаш даражаси билан белгиланмоқда.
Янги Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек улуғвор ва стратегик мақсад белгиланди. Бу шунчаки орзу ёки шиор эмас, балки аниқ тарихий асослар, халқ иродаси, илм-фан ва маънавият уйғунлигига таянган умуммиллий ҳаракатдир. Жорий йилнинг 28 август куни Президент Шавкат Мирзиёев “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида иштирок этиб, шундай деди: “Ёшларни миллий ғурур асосида тарбиялашга алоҳида аҳамият беришимиз керак. Миллий ғурур – инсоннинг қалбини, юрагини, бутун вужудини куч-ғайратга тўлдирадиган қудратли куч. Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди”.
Бу сўзлар бежиз айтилмаган. Ўтмишда қатағон қилинган юз минглаб ватандошларимизнинг хотираси олдида таъзим қилиш – ўзликни англаш ва миллий ғурурнинг жонли ифодасидир. Дунёвий тараққиёт моделлари таҳлили шуни кўрсатадики, ҳар қандай муваффақиятли жамият замирида битта фундаментал ҳақиқат ётади – давлат инсон учун хизмат қилиши керак. Янги Ўзбекистоннинг бутун сиёсий ва маънавий мазмуни “Инсон қадри учун” деган устувор тамойил атрофида мужассамлашмоқда.
Бу, энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлаш, инсон қадр-қимматини муҳофаза қилиш, ҳар бир шахснинг ўз интеллектуал ва ижодий иқтидорини намоён этиши учун тенг шароитлар яратиш ҳамда жамиятда фуқаролар овози тингланишини кафолатлашдир.

Сўнгги йилларда эришилган натижалар ушбу фикримизни яққол тасдиқлайди. Масалан, олий таълим билан қамров даражаси 44 фоиздан ошди. Тўғри йўлга қўйилган сифатли таълим ёшларни замонавий меҳнат бозорига тайёрлаш ва уларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш имконини бермоқда. Ишсизлик даражаси 4,6 фоизгача тушган бўлса-да, демографик ўсиш суръатлари янги иш ўринларини яратишни энг устувор вазифа сифатида кун тартибида сақлаб турибди. Шунингдек, миллий камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизга пасайди. Мамлакатимизнинг “World Happiness Report” халқаро ҳисоботида юқори ўринларни эгаллаётгани эса аҳолининг ҳаётдан қониқиши ва келажакка бўлган мустаҳкам ишончидан далолат беради.
Маънавий мустақиллик, бу – миллий тафаккур озодлигидир. Маънавий мустақил бўлиш дунёдаги воқеа-ҳодисаларни бошқаларнинг мафкуравий филтрлари орқали эмас, ўз миллий ва давлат манфаатлари призмасидан ўтказиб таҳлил қилишни талаб этади.
Бу борада рақамли трансформация жараёни алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, ахборот-коммуникация технологиялари (IT) соҳасининг жадал ривожланиши шароитида ўзбек тилининг мавқеини мустаҳкамлаш, уни фақат кундалик мулоқот воситаси сифатида эмас, балки рақамли дунёда илм ва замонавий технологиялар яратадиган тилга айлантириш зарурати юзага келмоқда.
Шу боис, бугунги ахборот хуружлари даврида жамиятда мустаҳкам маънавий иммунитетни шакллантириш ҳаётий заруратга айланмоқда. Маънавий иммунитет шахснинг ахборот оқимидан “оқ”ни “қора”дан ажрата олиши, ёлғон ва фейк хабарларни холис таҳлил қила билиши ҳамда маънавий зарарли контентларни рад эта олиш қобилиятида намоён бўлади. Бундай иммунитет эса чуқур дунёвий билим, соғлом диний маърифат, бой тарихимизни теран англаш ва юксак китобхонлик маданияти – бир сўз билан айтганда, миллий ўзликни англаш орқали қарор топади.
Маънавий-маърифий юксалишда аждодларимизнинг бой мероси, муқаддас қадамжоларнинг ўрни ҳамда бугунги кунда эришилаётган тарихий ютуқларимизни теран англаш беқиёс аҳамиятга эга.
Хусусан, Самарқанд вилоятидаги Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуасининг мутлақо янги ва улуғвор қиёфада қайта бунёд этилгани тарихий воқелик бўлди. Буюк муҳаддис бобомизнинг бой меросини ўрганиш ҳамда ҳадислар замиридаги инсонпарварлик, ҳалоллик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб этиш орқали жамиятда соф ва бағрикенг диний муҳит мустаҳкамланмоқда. Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида миллий ўзликни англаш ва маънавий юксалишни янги босқичга олиб чиқиш йўлида амалий ишлар бажарилди. Мамлакатимизнинг 208 та туман ва шаҳри ҳамда 14 та ҳудуди кесимида сўнгги 10 йил давомида амалга оширилган оламшумул ўзгаришлар, юртимизнинг кечаги ўтмиши ва бугунги дориламон кунлари акс этган “Янги Ўзбекистон шукроналиги” бадиий-публицистик асарлар тўплами яратилди.
Маънавий мустақиллик ва миллий ўзликни англаш жараёнининг энг муҳим пойдевори таълим-тарбия тизимидир. Сўнгги йилларда соҳада туб бурилиш яратилиб, болаларнинг боғча ёшидаги қамрови илгариги 27 фоиздан 74 фоиздан зиёдга етказилди. Мактабгача таълим ташкилотлари сони бир неча баробар ортиб, болаларнинг интеллектуал ва маънавий ривожланиши энг кичик ёшдан тизимли асосда йўлга қўйилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда талабалар сони 1,6 миллион нафардан ошди ва уларнинг таълим йўналишлари бевосита келажак касбларига мослаштирилмоқда. Бу эса миллий ўзликни англаш жараёнининг амалий натижасидир.
Шунингдек, мамлакат бўйлаб 14 та Президент мактаби, ўнлаб ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи барпо этилди. Бу муассасалар умумтаълим мактаблари учун янги сифат ва инновация локомотивига айланди. Соҳага Кембриж ва бошқа илғор халқаро таълим дастурлари, баҳолаш тизимлари жорий этилиб, ўқувчиларнинг таҳлилий ва танқидий фикрлаш кўникмаларини шакллантирилмоқда.
Маънавий мустақиллик ва миллий ўзликни англаш жараёнининг тизимли асосларини теран тушунишда “7 миллий дастур” концепцияси алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу дастурнинг пойдевори “Билим ва малака” йўналиши билан бошланади. Унда илгари сурилган бош ғояга кўра, билим – инсонни уйғотиш, жаҳолатга барҳам беришнинг энг устувор йўли эса айнан маънавиятдир. Иккинчи босқич – “Соғлом ва узоқ умр кўриш таъминоти” бўлиб, бунда инсон шунчаки иқтисодий ресурс эмас, балки олий қадр-қимматга эга шахс сифатида эътироф этилади. Учинчи босқичдаги иқтисодий тараққиёт эса билимли ва соғлом инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши ҳамда меҳнатига яраша даромад топиши учун зарур шартдир. Зеро, доимий моддий қийинчилик инсоннинг маънавий имкониятларини ҳам чеклаб қўяди.
Тўртинчи босқич – экология, яъни “инсон – жамият – табиат” занжири орқали кенгайиб борувчи масъулият доираси, бешинчи босқич – адолат ва қонун устуворлиги, олтинчи босқич – маҳалла, яъни “мен” дан “биз” га ўтиш жараёни, ижтимоий бирдамликнинг асоси. Ва ниҳоят, еттинчи, юқори босқич – тинчлик, дўстлик ва бағрикенглик, яъни билимли халқ, соғлом жамият, кучли иқтисод, экологик масъулият ва адолатли тизимга эга давлатнинг халқаро майдондаги муносиб ўрни ва обрў-эътибори.
Кўриниб турибдики, “инсон – жамият – давлат – дунё” тамойили асосида қурилган ушбу етти босқичли тизим маънавий мустақиллик ғоясини мантиқан тўлдиради. Миллий ўзликни англаш шахс даражасидан бошланиб, оила, маҳалла, давлат ва, ниҳоят, бутун дунё миқёсида намоён бўладиган яхлит жараёнга айланади.
Фарҳод ОЧИЛОВ,
тарих фанлари доктори,
Республика Маънавият ва маърифат маркази.
ЎзА