Давлат мулки хусусийлаштирилиши: мақсадлар, натижалар ва янги механизмлар
Давлат мулкини хусусийлаштириш иқтисодиётда хусусий сектор улушини ошириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва инвестициялар учун янги имкониятлар яратишда муҳим аҳамиятга эга.
Бу жараёнда давлат активларини савдога чиқариш билан бир қаторда, улар ҳақидаги маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш, харидорлар доирасини кенгайтириш ва мулкни самарали бошқаришга хизмат қиладиган механизмларни жорий этиш ҳам талаб этилади.
Айниқса, ер участкалари ва кўчмас мулк объектларининг иқтисодий муомалага киритилиши тадбиркорлар учун янги лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради. Электрон савдо тизимларининг ривожланиши эса бу жараёнларнинг очиқлигини таъминлаш, савдоларда иштирок этишни осонлаштириш ва мулкни реализация қилиш кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, кўчмас мулк бозорида профессионал хизматларга бўлган талаб ортиб бормоқда. Риэлторлик фаолиятини тартибга солиш, мутахассисларнинг малакасига талаблар белгилаш ва мижозлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бозор иштирокчилари ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан ҳисобланади.
Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2026 йилнинг 9 ойи якунларига бағишланган матбуот анжуманида хусусийлаштириш натижалари, ер участкаларини реализация қилиш, E-auksion электрон савдо платформасининг кўрсаткичлари ва риэлторлик фаолиятини янги тартибга солиш масалалари муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилди. Унда Агентлик директори Соҳибжон Муродов соҳада амалга оширилаётган ишлар ва олдинда турган вазифалар ҳақида маълумот берди.

Хусусийлаштириш кўлами ва иқтисодий самарадорлик
Давлат активларини хусусий секторга ўтказишдан кўзланган мақсад фақат мулкни сотиш эмас, балки унинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, инвестицияларни жалб этиш ва янги хўжалик фаолияти учун имконият яратишдан иборат. Шу нуқтаи назардан, хусусийлаштириш кўлами билан бирга, савдога чиқарилаётган активларнинг қиймати ва уларга талаб ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Хусусан, “Coca-Cola Uzbekistan” компаниясидаги давлат улуши 252 миллион АҚШ долларига, “Фарғонаазот” акцияларининг давлатга тегишли қисми 140 миллион долларга, Самарқанд автомобиль заводининг 75,2 фоиз давлат улуши эса 80 миллион долларга реализация қилинган.
2026 йилда хусусийлаштириш жараёнини кенгайтириш бўйича ҳам вазифалар белгиланган. Президентнинг ПФ-177-сон фармонига мувофиқ, 84 та корхонадаги давлат улушлари, 1 242 та кўчмас мулк объекти ва 8 минг гектар ер майдонини сотувга чиқариш назарда тутилган. Шунингдек, давлат иштирокидаги 85 та корхонани тугатиш ёки қайта ташкил этиш, қарийб 100 триллион сўмлик активлар ва ер участкаларини сотувга таклиф қилиш ҳамда хусусийлаштиришдан камида 14 триллион сўм тушум олиш белгиланган.
2026 йил бошидан буён тадбиркорларга 11 796 та лот орқали 2,8 минг гектар ер 4,7 триллион сўмга реализация қилинган. Фуқаролар ва юридик шахслар фойдаланаётган 36,5 мингдан ортиқ ер участкаси ҳам хусусийлаштирилган бўлиб, уларнинг умумий майдони 3 509 гектарни ташкил этган.
Бу кўрсаткичлар ер ва кўчмас мулкни иқтисодий муомалага киритиш кўлами кенгаяётганини кўрсатади. Бироқ хусусийлаштириш самарадорлигини фақат сотилган объектлар сони ёки тушум билан баҳолаш етарли эмас. Активларнинг инвестиция жалб этиш имконияти, улардан кейинги фойдаланиш самарадорлиги ва тадбиркорлик фаолиятига қўшаётган ҳиссаси ҳам жараённинг иқтисодий натижаларини белгилайди.

E-auksion: савдо ҳажми ва рақамли трансформация
Электрон аукционлар давлат активларини сотиш ва ер участкаларини ажратиш жараёнларида очиқликни таъминлашнинг муҳим воситасига айланди. Платформада лотлар сони ва савдо турларининг кўпайиши унинг фаолият доираси кенгайганини кўрсатади. Жумладан, 2020 йилда 44,6 мингдан ортиқ, 2021 йилда эса 53,6 мингдан ортиқ лот савдога чиқарилган. 2021 йилдаги Президентимизнинг 5197-сон қароридан кейин аукцион турлари 2021 йилдаги 12 тадан 2023 йилда 84 тага етган.
2022 йилда лотлар сони 583 мингтани ташкил этган. Уларнинг 480 мингдан ортиғи пахта ва ғалладан бўшаган 200 минг гектар ерни томорқа ва деҳқон хўжаликлари учун электрон танлаш билан боғлиқ бўлган. Натижада 208 та туман ва шаҳарда деҳқон хўжаликлари пайдо бўлгани қайд этилган. Бу мисол электрон савдолар фақат давлат активларини реализация қилиш билан чекланмай, ердан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ҳам хизмат қилишини кўрсатади.
Платформада таклиф этилаётган активларнинг бошланғич қиймати ҳам сезиларли ўсган: 2021 йилда қарийб 10 триллион сўм бўлган кўрсаткич 2025 йилда 43,8 триллион сўмга, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида эса 52,8 триллион сўмга етган. Амалдаги сотувлар қиймати 2020 йилда 1,7 триллион сўм, 2021 йилда 2,3 триллион сўм, 2025 йилда 18,6 триллион сўм ва 2026 йилнинг тўққиз ойида 15,3 триллион сўмни ташкил этган.
–Бу ерда икки кўрсаткични фарқлаш муҳим: бошланғич қиймат савдога таклиф этилаётган активлар ҳажмини, сотувлар қиймати эса амалга ошган савдолар натижасини ифодалайди. Шунинг учун уларнинг ўсиши бир хил жараённи англатмайди. Платформанинг самарадорлигини баҳолашда лотлар сони ва қийматидан ташқари, савдоларнинг якунланиши ҳамда активларга харидорлар қизиқишини ошириш масалалари ҳам аҳамиятли.
Фойдаланувчилар сонининг ўсиши ҳам рақамли савдолар оммалашаётганини кўрсатади. 2021 йилда платформада тахминан 118 минг фойдаланувчи бўлган бўлса, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида фаол фойдаланувчилар сони 3 миллиондан ошган. Умумий ташрифлар 6 миллиондан кўпни ташкил этган, йил якунига қадар бу кўрсаткич 7 миллиондан ошиши кутилмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги кузатувчилар сони эса 1,1 миллиондан ортиқ.
2026 йилда платформа орқали 926 та янги актив, 6 100 дан ортиқ давлат ижара объекти ва 32 мингдан зиёд ер лоти таклиф этилган. Қишлоқ хўжалиги ва деҳқончилик йўналишида 30 мингдан ортиқ ер участкаси ҳам савдога чиқарилган.
Кейинги босқичда E-auksion платформасида сунъий интеллект воситаларини жорий этиш режалаштирилган. Улар қаторида харитада лотларни кўрсатиш, ўхшаш лотларни тавсия қилиш, овозли қидирув, AI-оператор, тренер, инспектор ва таҳлилий ҳисобот воситалари бор. Кадастр рақами ёки фотосурат орқали маълумот олиш ҳамда 10 та ташкилот тизими билан интеграция қилиш имкониятлари ҳам кўзда тутилган. Бу ечимлар фойдаланувчиларга керакли маълумотни тезроқ топиш ва савдоларга оид жараёнларни соддалаштиришга ёрдам бериши мумкин, –дея таъкидлайди. С. Муродов.

Риэлторлик бозори: шаффофлик ва касбий талаблар
Давлат активларини хусусийлаштириш ва кўчмас мулк бозорининг ривожланиши риэлторлик хизматларига бўлган талабни ҳам оширади. Бундай шароитда воситачилик хизматларининг очиқлиги, мутахассисларнинг малакаси ва мижозлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бозор ишончлилигининг муҳим омилларига айланади.
2026 йил 7 августда “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу йўналишда Давлат активларини бошқариш агентлиги ваколатли давлат органи этиб белгиланган. Янги тартиб риэлторлар ва риэлторлик ташкилотларининг ягона очиқ реестрини юритиш, мутахассисларни сертификатлаш ва малака талабларини белгилаш, миллий стандартларни жорий этиш ҳамда кўп рўйхатли тизимни йўлга қўйишни назарда тутади.
Бу механизмлар бозорда фаолият юритаётган мутахассислар ҳақидаги маълумотларни очиқлаштириш ва хизматлар сифатини оширишга қаратилган. Шу билан бирга, мижоз манфаатларини ҳимоя қилиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва махфийликка риоя этиш талаблари риэлторлик хизматларида ишончни мустаҳкамлаш учун муҳим.
Умуман олганда, хусусийлаштириш, электрон савдо ва риэлторлик фаолиятини тартибга солиш бир-бири билан боғлиқ жараёнлардир. Давлат активларини бозорга чиқариш иқтисодий имкониятлар яратса, электрон платформалар савдоларда иштирок этишни осонлаштиради, риэлторлик бозоридаги янги талаблар эса кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар шаффофлигини оширишга хизмат қилади. Бу жараёнлар мулкдан самарали фойдаланиш, харидорларга тенг имкониятлар яратиш ва бозорда ишончни мустаҳкамлашга қаратилган.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА