Давлат мукофотлари топширилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 19 мартдаги Фармонига мувофиқ, Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан юртимизда маҳалла институтини ривожлантириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш, ижтимоий барқарорликни таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ юртдошларимиз юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Қувонарлиси, мазкур юксак эътироф соҳиблари орасида Сирдарё вилояти вакиллари ҳам бор.
Шу муносабат билан вилоят ҳокимлигида тантанали тадбир ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов сўзга чиқиб, маҳалла тизими бугунги кунда жамият ва давлат ўртасидаги энг муҳим бўғинлардан бирига айланганини, айниқса, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар тарбияси ва бандлигини таъминлашда маҳалла ходимларининг ўрни беқиёс эканини алоҳида таъкидлади.

Тадбирда Гулистон тумани «Шарқ ҳақиқати» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳодир Ҳазираткулов «Дўстлик» ордени билан, Гулистон шаҳри «Ибратли» маҳалла фуқаролар йиғинининг ёшлар етакчиси Сирожиддин Аҳмедов «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирланди.
Мукофотларни топшириш жараёнида таъкидланганидек, бу каби юксак эътирофлар маҳалла тизимида самарали фаолият юритаётган, аҳоли дарди билан яшаб, уларнинг муаммоларига ечим топишда ташаббускорлик кўрсатаётган инсонларга нисбатан билдирилган катта ишонч ва эътибор намунасидир.

Тадбирда сўз олган «Дўстлик» ордени соҳиби Баҳодир Ҳазиратқулов бу юксак мукофотни катта масъулият сифатида қабул қилишини таъкидлаб, шундай деди:
— Бу эътироф нафақат менга, балки маҳалламиз фаоллари, нуронийлар ва фидойи ёшларимиз меҳнатига берилган баҳодир. Биз бундан буён ҳам аҳолининг дарди билан яшаб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш йўлида янада фаол ишлаймиз. Бундай юксак ишонч бизга катта шижоат ва куч-ғайрат бағишлайди.
Шунингдек, тадбир давомида мукофот соҳиблари юртбошимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик уларни янада масъулият билан ишлашга, маҳалла аҳлининг фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилишга ундашини айтишди.
Дарҳақиқат, бугун кунда маҳалла тизими жамиятнинг энг қуйи бўғини эмас, балки давлат бошқарувида муҳим таянчга айланиб, халқ билан мулоқот, ижтимоий муаммоларни жойида ҳал этиш ва инсон қадрини улуғлашда асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири