Давлат ижтимоий буюртмаси асосида болалар реанимация бўлими очилди
Самарқанд вилоятининг Жомбой тумани марказий шифохонаси болалар бўлимида Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди молиявий кўмагида 6 ўринли реанимация бўлими ташкил этилди.
Фонд томонидан Жомбой туманининг “Соғлиқ – туман бойлик” номли лойиҳаси давлат ижтимоий буюртмаси шаклида молиялаштирилиб, 3 миллиард сўм маблағ ажратилди ва 39 турдаги замонавий тиббий жиҳоз ва ускуналар харид қилиниб, шифохонада болаларни жонлантириш бўлими фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, бўлим ёнида енгил конструкцияли кутиш зали қурилди
– Туманимизда яшовчи 180 минг аҳолининг 62 мингга яқинини 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этади, – дейди лойиҳа ташкилотчиларидан бири Ҳафиза Ўсарова. – Шу нуқтаи назардан, марказий шифохонада болалар реанимация бўлимининг ташкил этилиши аҳолининг муҳим эҳтиёжларидан бирини қондиришга қаратилган. Чунки шу пайтгача оғир аҳволдаги бемор болалар ҳам катталар жонлантириш бўлимида даволанишга мажбур эди. Табиийки, бу болалар билан бирга уларнинг ота-оналари руҳиятига ҳам салбий таъсир кўрсатарди. Энди болалар бўлимининг ўзида бундай имконият яратилиши бемор болажонларимизга ўз вақтида сифатли ва зарур тиббий ёрдам кўрсатишга хизмат қилади.
Янги бўлимнинг фойдаланишга топширилишида Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди раиси О.Ҳусанов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Пардаев, Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи С.Зайниев ва туман масъуллари иштирок этиб, мазкур ижтимоий лойиҳанинг аҳамиятига эътибор қаратди.
[gallery-31459]
– Самарқанд вилоятида аҳоли турмуш даражасини ошириш, муҳим ижтимоий масалаларни ҳал этишга қаратилган бу каби бир нечта лойиҳаларимиз бор, – деди Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори Отабек Ҳусанов. – Жумладан, шу пайтгача вилоятнинг бир қатор туманларида аҳоли ичимлик суви таъминотини яхшилаш, кутубхоналар ташкил этиш, маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштиришга қаратилган лойиҳалар, ижтимоий буюртмалар фонд томонидан молиялаштирилди. Айни пайтда Қўшработ тумани марказий шифохонасига замонавий тиббий жиҳоз ажратиш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. Давлат ижтимоий буюртмаси асосида бажарилаётган бу каби лойиҳалар фуқаролик жамияти институтларининг ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини кенгайтириш, давлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадбир иштирокчилари янги бўлим фаолияти, яратилган қулайликлар билан яқиндан танишди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари