German
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат ижрочиси қарздорнинг кўчмас мулкига қўйилган тақиқни бекор қилиб, уни ундирувчига ўтказишга ҳақли бўлди

2026 йил 5 мартда “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов мазкур қонуннинг муҳим жиҳатлари ҳақида фикр билдирди:

– Мамлакатимизда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Янги қонун бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди.  Қонун Президентимизнинг 2025 йил 15 апрелдаги “Қарздорлик ҳисобига банклар балансига олинган мол-мулклар реализациясини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Маълумки, ислоҳотлар жараёнида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишни рақамлаштириш, инсон омилини камайтириш, суд ҳужжатларини ижро этишдан ҳар қандай бўйин товлашнинг олдини олиш, фуқароларнинг мол-мулки ва пул маблағлари дахлсизлигини кафолатлашга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш зарурати юзага келган эди.  

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 24 июлдаги “Электрон онлайн-аукционни ўтказиш тартибини соддалаштириш, унинг шаффофлигини ошириш ҳамда иштирокчилар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини кафолатлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларнинг, шу жумладан, устав фондининг 50 фоизи ва ундан ортиғи мазкур юридик шахсларга тегишли бўлган ташкилотларнинг улушлари ва барча асосий воситалари, яъни кўчмас мулклари, автомобиль ва бошқа асосий воситалар “Е-auksion” электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши белгиланган.

Маълумотларга кўра, банклар балансида жуда кўп миқдордаги мол-мулклар сотилмасдан ҳаракатсиз ҳолда тургани кузатилган. Мазкур мол-мулклар бир неча марта аукцион савдосига чиқарилган бўлса-да, сотилмасдан қолган.

Бунга, яъни аукцион савдосида сотилмаган гаровдаги мол-мулкларга нисбатан бошқа турли тақиқлар мавжудлиги ушбу мулкларни банк балансига расмийлаштириш ва кейинги тақдирини ҳал қилишда қонунчиликда бўшлиқлар борлиги сабаб бўлган.  

Шу сабабли, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва ундирувчилар ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 56-моддасини 9-қисм билан тўлдирилди.  

Унга кўра, ижро ҳужжатлари асосида аукцион савдоларида сотилмаган мол-мулклар ундирувчига натура шаклда ўтказилаётганда рўйхатдан ўтказувчи идоралар томонидан қўйилган барча тақиқлар давлат ижрочисининг қарори асосида бекор қилинади. Бунда, давлат ижрочисининг қарори мол-мулкларни тақиқларсиз давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлади.  

Шунингдек, мол-мулк бўйича мавжуд мажбуриятлар унинг собиқ эгаси – қарздор зиммасида қолиши, мазкур мажбуриятларни бажаришни ундирувчи ихтиёрий равишда ўз зиммасига олган ҳолатлар бундан мустаснолиги билан боғлиқ норма ҳам қонундан ўрин олди.  

Бундан ташқари, “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қонунга кўчмас мулкка қўйилган тақиқ давлат ижрочисининг реализация қилинмаган мол-мулкни ундирувчига топшириш ҳақидаги далолатномаси асосида қабул қилинган қарорига мувофиқ олиб ташланиши белгиланди.  

Айтиб ўтиш керакки, қонунни ишлаб чиқишда бир қатор илғор давлатларнинг қонунчилик тажрибаси ўрганилган ҳамда инобатга олинган.

Қонун кредиторларнинг гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайди. Мол-мулкка нисбатан қўйилган таъминловчи чоралар давлат ижрочисининг қарорлари асосида бекор қилинади. Кредит ташкилотларининг муаммоли активлар улуши камайтирилади. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинади.  

Норгул Абдураимова,

ЎзА