Давлат идоралари HR бўлинмалари учун vacancy.gov.uz платформасида ишлаш янада осонлашди
Давлат фуқаролик хизматида вакант лавозимларни бошқариш ва танлов жараёнларини янада шаффоф, тезкор ҳамда самарали ташкил этиш мақсадида vacancy.gov.uz платформасида инсон ресурсларини бошқариш бўлинмалари (HR) учун янги функционал имкониятлар жорий этилди.
Эндиликда давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар хизмати ҳамда инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантиришга масъул ходимлари учун зарур бўлган барча маълумотлар ягона, замонавий ва фойдаланишга қулай интерфейсда жамланди.
Янги тизим қандай имкониятларни яратади?
Марказлашган мониторинг – давлат органлари ва ташкилотлари тасарруфидаги ташкилотлардаги мавжуд бўш иш ўринлари ҳолатини ягона электрон тизим орқали кузатиш ва таҳлил қилиш имконияти яратилди.
Реал вақт режимида назорат – вакансияларни эълон қилиш жараёни, танлов босқичлари ва белгиланган муддатларга риоя этилиши онлайн тарзда назорат қилинади.
Тезкор огоҳлантириш тизими – муддати якунланган, якунланишига 3 кундан кам вақт қолган ёки ҳали эълон қилинмаган вакансиялар ҳақида автоматик ахборот олиш имконияти мавжуд.
Жараённи босқичма-босқич кузатиш – ариза қабул қилишдан тортиб, малакасини баҳолаш, тест синовлари ва суҳбат босқичларигача бўлган жараёнларни таҳлил қилиш мумкин.
Қоғозбозликни қисқартириш – қўшимча ҳисоботлар тайёрлаш зарурати камайиб, барча зарур маълумотларни ягона электрон платформа орқали тез ва осон олиш имконияти яратилди.
Янги имкониятлар қандай натижа беради?
Янги функционал имкониятлар вакансияларни бошқариш жараёнларини рақамлаштириш, кадрлар фаолиятини самарали мувофиқлаштириш ва инсон ресурсларини стратегик бошқаришга хизмат қилади.
Мазкур янгиликлар аниқ таҳлилларга таянган ҳолда тезкор ва самарали бошқарув қарорларини қабул қилишга ёрдам беради.
Н.Абдураимова, ЎзА