Давлат гранти танлови ғолиблари аниқланди
Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда 2026 йилги биринчи давлат гранти танлови ғолибларини тасдиқлаш, фуқаролик жамияти институтларини молиявий қўллаб-қувватлаш, нодавлат нотижорат ташкилот (ННТ)ларда фаолият юритаётган ёш мутахассисларни рағбатлантириш ҳамда ижтимоий лойиҳалар ижроси билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Мажлисда жорий йил май ойида маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, экологик муаммоларни бартараф этиш, спорт майдончалари, кутубхоналар ташкил этиш, таълим ва соғломлаштириш йўналишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат гранти танлови эълон қилингани қайд этилди.
Танловга фуқаролик жамияти институтларидан жами 943 лойиҳа келиб тушди. Парламент комиссияси томонидан улар маҳаллалар эҳтиёжларига мослиги, ижтимоий аҳамияти, аҳолини қамраб олиш даражаси ва кутилаётган амалий натижалари асосида баҳоланиб, муҳокамалар якунида танлов ғолиблари аниқланди.
Давлат гранти танловининг барча босқичлари ngo.gov.uz платформаси орқали амалга оширилгани қайд этилиб, бу жараённинг очиқ ва шаффофлигини таъминлаб, иштирокчилар учун тенг имкониятлар яратган.

Йиғилишда ННТларда фаолият юритаётган ёш ва истиқболли кадрларни қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” Давлат дастури доирасида халқаро рейтингларнинг юқори 500 талигига кирувчи хорижий ОТМни тамомлаб, ННТда меҳнат қилаётган ёш мутахассислар лавозим маошига қўшимча устама тўлаш механизми жорий этилгани қайд этилди.
Шу билан бирга, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий лойиҳалар ижроси таҳлил қилиниб, уларнинг манзиллилиги ва самарадорлиги муҳокама этилди.
Йиғилиш якунида кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА