Давлат дастури ижроси: амалиёт ва самара
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров, сенаторлар Икромхон Нажмиддинов, Носирбек Абдуллахонов ва Бахтиёр Умаров иштирокида Наманган шаҳридаги Ғишткўприк ва Обиҳаёт маҳалла фуқаролар йиғинларида тадбир ташкил этилди.
Айни кунларда юртимиздаги ўзини ўзи бошқариш органларида маҳалла раиси сайлови қизғин давом этмоқда. Ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий жараёнларни “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида” ги қонун талабларига асосан ташкил этилиши энг аввало, сайловни қонунийлик, ошкоралик, адолатлилик, шаффофлик ва муқобиллик принциплари асосида юқори савияда ўтишини таъминлайди.

Учрашувда мамлакатимизни янада ривожлантиришга қаратилган еттита устувор йўналишдан иборат 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” да амалга оширишга оид Давлат дастури хусусида сўз юритилди.
“Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан ишлаб чиқилган Тараққиёт стратегиясида 7 та устувор йўналиш бўйича “Инсон қадри учун – 100 та мақсад” белгилаб олинган. Давлат дастури ижроси доирасида 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард доллар миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилмоқда. Дастурнинг инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш йўналиши ижросини таъминлашда Олий Мажлис палаталари масъул этиб белгиланган.

Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишга қаратилган устувор вазифалар ижроси юзасидан парламент назорати йўлга қўйилади. Маълум қилинишича, жорий йил ўтган даврида давлат ва жамият ҳаётининг муҳим йўналишлари бўйича 59 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Кўрилган чоралар натижасида иқтисодиётда бир қатор ижобий натижаларга эришилган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ялпи ички маҳсулот 105,8 фоизга ўсиши таъминланган. Савдо айланмаси ҳажми 59,1 триллион сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан 110,8 фоизни ташкил этган. 2 миллиард 448 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, ушбу прогноз кўрсаткичи 167 фоизга бажарилган.
Маҳалла институти ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида жойларда 695 та маҳалла комплекси қурилди, 16 та маҳалла биноси реконструкция қилинди. Ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида очиқ электрон танловларда 55,9 минг гектар ер майдонлари ерга эҳтиёжи бор 256 минг нафар ғолибга ажратиб берилган. Шундан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган 81 мингдан ортиқ оилага 13,8 минг гектар, хориждан қайтиб келган 15 минг нафардан ортиқ фуқароларга 2,5 минг гектар ер участкалари ажратиб берилган.

Қайд этилганидек, дастурнинг бир қатор бандлари ижроси юзасидан ишлаб чиқилган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини қабул қилиш жараёни кечикмоқда. Бу эса иқтисодиётни янада либераллаштириш, экологик хавфсизликни таъминлаш, тиббиётни ривожлантириш каби муҳим соҳаларда тегишли ўзгаришларни амалга оширишни ортга сурмоқда.
Мулоқот якунида ҳар бир йўналишда жамоатчилик назоратини кучайтириш муҳим экани қайд этилди. Сенат аъзолари иккита маҳаллада бўлиб ўтган фуқаролар йиғини раиси сайлови жараёнларини кузатишди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА