Давлат бюджетига 5,5 трлн. сўмлик қўшимча тушум ҳисобланди
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йил январь-май ойларида давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўламаслик хавфи юқори бўлган 1 780 та тадбиркорлик субъектида солиқ аудити ўтказилди.
Шу даврда фаолият юритган 594,4 мингта солиқ тўловчининг атиги 0,3 фоизи текширув қамровига олингани солиқ назоратининг анъанавий эмас, балки риск-ориентирланган ва рақамли таҳлилларга асосланган тизимга ўтганини кўрсатади.
Бугунги кунда солиқ маъмуриятчилигида “кенг текшириш”дан кўра “аниқ нишонланган таҳлил” тамойили устувор бўлиб бормоқда. Бу эса бир томондан давлат ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминласа, иккинчи томондан яширин иқтисодиётни аниқлаш имкониятларини сезиларли оширади.
Ўтказилган солиқ аудитлари натижаларига кўра, аниқланган солиқ хавфи суммаси 9,7 трлн. сўмни, ҳисобланган қўшимча солиқлар эса 5,5 трлн. сўмни ташкил этмоқда. Ушбу рақамлар иқтисодиётда ҳисобот ва реал айланма ўртасида ҳали ҳам сезиларли фарқлар мавжудлигини англатади. Айни пайтда бу ҳолат солиқ органлари томонидан жорий этилган рақамли мониторинг тизимлари самара бераётганини ҳам кўрсатади.
Аниқланган қўшимча солиқ суммалари тармоқлар кесимида қуйидагича тақсимланган. Савдо ва умумий овқатланиш – 2,4 трлн. сўм, қурилиш – 1,2 трлн. сўм, хизмат кўрсатиш – 461,7 млрд. сўм, ишлаб чиқариш – 411,1 млрд. сўм, транспорт – 278,5 млрд. сўмни, қишлоқ хўжалиги – 166,5 млрд. сўм бошқа соҳалар – 534,1 млрд. сўмни ташкил этади.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, савдо ва қурилиш соҳаларида солиқ хавфи юқорилиги бу тармоқларда пул айланмаси тезлиги, нақд пул операциялари улуши ва ҳисобот тизимининг мураккаблиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шу жиҳатдан ушбу соҳаларда рақамли назоратни янада кучайтириш долзарб вазифа ҳисобланади.
Аудитлар давомида 843 та солиқ тўловчида жами 9,4 трлн. сўмлик солиқ базаси яширилгани аниқланган. Ҳолатлар қуйидаги уч асосий йўналишда намоён бўлган. 318 та субъектда 2,8 трлн. сўмлик товар ва хизматлар реализацияси ҳисоботларда акс эттирилмаган. 276 та субъектда 3,3 трлн. сўмлик товарлар омбор ва савдо нуқталарида мавжуд эмаслиги қайд этилган. 249 та субъектда 3,2 трлн. сўмлик кирим қилинмаган ёки яширин айланмадаги товарлар аниқланган. Бу ҳолатлар иқтисодиётда “кўринмас айланма” ҳали ҳам сақланиб қолаётганини ва айрим субъектларда солиқдан қочиш схемалари турли шаклларда намоён бўлаётганини кўрсатади.
Аниқланган қўшимча солиқ мажбуриятларидан тўлов муддати келган 2,9 трлн. сўмнинг 282 млрд. сўми давлат бюджетига ундириб берилди. Бу кўрсаткич солиқ назоратининг фақат жазоловчи эмас, балки бюджет даромадларини тикловчи ва молиявий интизомни мустаҳкамловчи инструментга айланиб бораётганини англатади.
Солиқ аудити натижалари мамлакатда рақамлаштириш жараёнлари янги босқичга чиққанини кўрсатади. Бироқ иқтисодиётнинг айрим сегментларида яширин айланмалар ва ҳисоботлардаги номутаносибликлар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Шу билан бирга, муҳим тенденция яққол: солиқ назорати инсон омилига асосланган тизимдан маълумотларга асосланган интеллектуал таҳлил тизимига ўтмоқда. Бу эса келгусида нафақат назорат самарадорлигини оширади, балки тадбиркорлар учун тенг рақобат муҳитини ҳам шакллантиради.
Яқин истиқболда солиқ маъмуриятчилигини тўлиқ рақамли экотизимга айлантириш, реал вақт режимида мониторингни жорий этиш ва “яширин иқтисодиёт” улушини изчил қисқартириш асосий стратегик вазифалардан бири бўлиб қолади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА