Давлат бошқарувидаги муҳим йўналиш – инсон капиталини ривожлантириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлигининг 2026 йил биринчи ярим йиллиги фаолияти сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда ҳудудларда натижага асосланган бошқарув тизимини жорий этиш мақсадида 40 дан ортиқ туман ва шаҳарда мавжуд имкониятлар қайта баҳолангани қайд этилди.
Самарқанд вилоятининг 16 туман ва шаҳри, шунингдек Наманган, Сирдарё, Сурхондарё, Бухоро, Қашқадарё, Фарғона, Жиззах ва бошқа ҳудудларда иқтисодий салоҳият, бошқарув жараёнлари ҳамда давлат хизматлари сифати чуқур таҳлил қилинди.
Илк бор сунъий интеллект ёрдамида Big Data ва SWOT таҳлиллари асосида ҳар бир туманнинг иқтисодий драйверлари аниқланиб, инвестиция лойиҳалари хариталари шакллантирилди.
Маҳаллабай ишлаш тизими доирасида Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги Қаҳрамон ҳамда Наманган вилоятининг Норин туманидаги Янги Наманган маҳаллаларида янги хизмат марказлари ташкил этилди. Мазкур марказлар орқали аҳоли 980 турдаги давлат хизматларидан турли идораларга мурожаат қилмасдан, маҳалладан чиқмаган ҳолда фойдаланиш имкониятига эга бўлди.
Инсон капиталини ривожлантириш давлат бошқарувидаги ислоҳотларнинг устувор йўналиши экани таъкидланди. Шу муносабат билан давлат хизматчиларини баҳолаш ва ривожлантириш ишлари янги босқичга олиб чиқилмоқда.
Иккинчи чорак якунлари бўйича 113 республика ташкилотининг 435 нафар раҳбари ва раҳбар ўринбосари, шунингдек 14 ҳудуд ҳамда 208 туман (шаҳар)нинг 1 минг 329 нафар ҳоким ўринбосари самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳоланди.
Кадрлар захираси ҳам сифат жиҳатидан янгиланди. Бугунги кунда мамлакатимиз учун стратегик аҳамиятга эга бўлган юқори салоҳиятли кадрлар захираси шакллантирилган. Унга 415 нафар хорижий олий таълим муассасалари ва Президент мактаблари битирувчилари, 250 нафар истиқболли раҳбар аёллар, Зулфия мукофоти совриндорлари ҳамда турли соҳалар бўйича сараланган истиқболли мутахассислар киритилган. Мазкур захира давлат бошқаруви тизимини рақобатбардош, замонавий билим ва кўникмаларга эга раҳбар кадрлар билан таъминлашга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, 421 нафар Топ - 500 университет битирувчисидан 74 нафари юқори лавозимларга тавсия қилиниб, хизмат лавозими оширилди.
Матбуот анжуманида сунъий интеллектдан стратегик прогнозлаштиришда фойдаланиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳам маълум қилинди. Таҳлилларга кўра, яқин йилларда мамлакатимизда 50 дан ортиқ янги замонавий мутахассисликларга эҳтиёж юзага келади. Жумладан, сунъий интеллект, киберхавфсизлик, маълумотлар таҳлили, рақамли трансформация, «яшил» энергетика, урбанистика, геоахборот тизимлари, агротехнологиялар ҳамда сув ресурсларини рақамли бошқариш каби соҳаларда юқори малакали кадрларга талаб кескин ортиши прогноз қилинмоқда. Шу асосда кадрлар тайёрлаш, кадрлар захирасини шакллантириш ва таълим дастурларини бозор эҳтиёжларига мослаштириш бўйича амалий ишлар бошланган.
Ҳисобот даврида 5 минг 316 нафар давлат хизматчиси турли ўқув дастурларида иштирок этди. “Янги Ўзбекистон” университети ҳамда Сингапур Бизнес бошқарув мактаби экспертлари иштирокида тажриба алмашиш семинарлари ташкил этилди.
Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясига қабул жараёнида 1 минг 860 нафар номзод иштирок этиб, уларнинг 1 минг 334 нафари кейинги босқичга саралаб олинди.
[gallery-30512]
Халқаро ҳамкорлик доирасида 7 та семинар ўтказилиб, уларда 600 нафардан ортиқ давлат хизматчиси қатнашди. Шунингдек, 50 нафар «Ёш талантлар» дастури иштирокчисини FAO тизимида халқаро стажировкага юбориш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
KOICA ва JICA каби халқаро ташкилотлар билан қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Японияда 30 нафаргача давлат хизматчиси, Буюк Британияда эса 20 нафаргача раҳбар кадрнинг малакасини ошириш чоралари кўрилди.
«Digital Office» платформасида янги «Ҳоким - вазир» мулоқот майдони ишга туширилди. Шунингдек, «hrm.gov.uz» ва «samaradorlik.gov.uz» ахборот тизимлари муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари сифатида давлат реестрига киритилди. «Электрон ҳукумат» тизими орқали 49 янги сервис Агентлик ахборот тизимларига интеграция қилинди. «MyDX» мобил иловасидан бугунги кунда 30 минг нафар давлат хизматчиси фаол фойдаланмоқда.
Ҳисобот даврида мақсадли хорижий стажировкаларнинг янги тизими ҳам жорий этилди. Унга кўра, стажировкага юборилган ҳар бир давлат хизматчиси ўрганган билим ва тажрибаси асосида амалий лойиҳа ишлаб чиқиши мажбурий этиб белгиланди.
Навбатдаги стажировка дастурлари учун 300 нафар номзод билан суҳбат ўтказилиб, улардан 107 нафари саралаб олинди. Улар Сингапур, Германия, Буюк Британия, Япония, Корея, Финляндия, Малайзия, Туркия, Хитой, Озарбайжон ва бошқа давлатларда малака оширади.
KOICA дастури бўйича 169 нафар номзоддан 15 нафари, JICA дастури бўйича 200 нафар номзоддан 18 нафар магистратура ва 1 нафар докторантура дастури учун саралаб олинди. Шунингдек, «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали 232 нафар магистратура ва 38 нафар докторантура дастурлари бўйича номзодлар танлаб олинди.
Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Н.Абдураимова,
О.Пардаев (сурат), ЎзА