Давлат бошқарувида Кореянинг замонавий HR модели ўрганилмоқда
Давлат бошқарувида самарадорлик кўп жиҳатдан кадрларни тўғри танлаш, уларнинг салоҳиятини холис баҳолаш ва касбий ривожланишини тизимли йўлга қўйишга боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан ўзбекистонлик давлат хизматчиларининг Жанубий Корея тажрибасини ўрганиши муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жанубий Кореяда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг салоҳиятини ошириш дастури” доирасида қисқа муддатли ўқув дастури ташкил этилди. Унда натижага асосланган бошқарув тизимини жорий этиш белгиланган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, шунингдек, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари вакиллари иштирок этмоқда.
Дастур Корея давлат бошқаруви институти (KIPA) томонидан ўтказилмоқда. Ўқув жараёнида давлат хизматида инсон ресурсларини, яъни HR бошқарувини замонавий талаблар асосида ташкил этиш, ходимларни баҳолаш ва уларнинг салоҳиятини ривожлантириш механизмлари ўрганилмоқда.
Корея тажрибасининг муҳим жиҳатларидан бири — давлат хизматчисини фақат лавозимга тайинлаш билан чекланмасдан, унинг касбий салоҳиятини мунтазам баҳолаб бориш ва ривожлантиришга эътибор қаратилишидир.
Шунингдек, ходимни ишга қабул қилишдан тортиб, уни баҳолаш ва касбий ривожлантиришгача бўлган HR жараёнларини такомиллаштириш, такрорланувчи жараёнларни автоматлаштириш ҳамда давлат бошқарувида сунъий интеллект технологияларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинмоқда. Дастурнинг яна бир эътиборли йўналиши — ҳудудларда сунъий интеллект, IoT ва рақамли ечимларга асосланган “Ақлли қишлоқ” лойиҳаларини жорий этиш имкониятларини ўрганишдир.
Бундай ёндашув давлат хизматини рақамлаштириш билан бир қаторда, қарор қабул қилиш жараёнларини тезлаштириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга хизмат қилиши мумкин.
Ўзбекистонлик иштирокчилар Кореянинг давлат бошқаруви, инсон ресурсларини ривожлантириш ва рақамли технологияларни бошқарув жараёнларига интеграция қилиш борасидаги илғор тажрибасини ўрганиб, уни миллий шароитда қўллаш имкониятларини таҳлил қилмоқда. Дастур якунида иштирокчилар ўз фаолият соҳасини ривожлантиришга қаратилган амалий таклифлар бўйича тақдимот тайёрлаб, уларни ҳимоя қилади.
Жорий йил 12 сентябрга қадар давом этадиган мазкур лойиҳа KOICA молиявий кўмагида ташкил этилмоқда. Корея тажрибасининг Ўзбекистонда қўлланиши давлат хизматида “лавозим учун кадр” эмас, балки “натижа учун салоҳиятли кадр” тамойилини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА