Давлат банклари қарз эвазига олган мулкни бошланғич тўловсиз ва фоизсиз бўлиб сотиши мумкин бўлади
Ўзбекистон иқтисодиётида давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнлари янги суръат олмоқда. Президентимизнинг жорий йилнинг 28 августидаги «Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони давлат тасарруфидаги активларни хусусий секторга ўтказиш, самарасиз мулкларни иқтисодий айланмага қайтариш ва тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратишга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди.
Фармон билан давлат активларини сотиш механизмларини соддалаштириш, тадбиркорлар учун қўшимча молиявий қулайликлар яратиш, давлат корхоналари сонини қисқартириш ҳамда самарасиз активларни иқтисодий айланмага қайтариш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Ҳужжатга кўра, 2026 йил хусусийлаштириш жараёнлари учун муҳим давр бўлади. Йил давомида 84 та жамиятдаги давлат улушлари, 1 242 та кўчмас мулк объекти ва 8 минг гектар ер участкалари очиқ савдоларга чиқарилиши белгиланган. Шу билан бирга, 85 та давлат иштирокидаги корхонани тугатиш ёки қайта ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Энг муҳим кўрсаткичлардан бири — савдога чиқариладиган активларнинг умумий қиймати қарийб 100 триллион сўмга етиши кутилмоқда. Уларнинг сотилиши натижасида камида 14 триллион сўм тушум олиш режалаштирилган.
Бу рақамлар давлат мулкини шунчаки сотиш эмас, балки уни иқтисодий жиҳатдан самарали бошқарадиган хусусий мулкдорларга ўтказиш мақсади устувор эканини кўрсатади. Яъни, ислоҳотларнинг асосий вазифаси — давлат тасарруфида самарасиз ёки тўлиқ қувватда ишламаётган активларни янги иқтисодий ҳаётга қайтаришдир. Фармоннинг энг муҳим жиҳатларидан бири давлат активларини сотиб олувчилар учун яратилган янги молиявий имкониятлардир.
Эндиликда давлат активлари ва ер участкаларини харид қилишда бошланғич тўлов 15 фоиз этиб белгиланади ва уни тўлаш учун 30 кун муддат берилади. Қолган маблағни эса белгиланган шартлар асосида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади. Йирик активларни сотиб олувчилар учун эса қўшимча рағбатлар жорий этилмоқда. Хусусан, белгиланган шартлар асосида актив қийматини қисқа муддатда тўлиқ тўлаган харидорларга 25 фоизгача чегирма бериш имконияти назарда тутилган. Шунингдек, харидорларга қолган маблағни 5 йилдан 7 йилгача бўлган муддатда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.
Бу, айниқса, катта қийматга эга давлат активларини сотиб олиш имконияти чекланган маҳаллий тадбиркорлар учун муҳим енгиллик бўлиши мумкин. Чунки аввал юқори миқдордаги бир марталик тўлов талаб қилиниши кўплаб инвесторларнинг савдоларда иштирок этиш имкониятини чеклаб қўярди.
Янги тартиб давлат активларини харид қилган тадбиркорларга мулкдан тезроқ фойдаланиш имконини ҳам беради. Тўловнинг камида 50 фоизи амалга оширилганидан кейин харидор объектда реконструкция қилиш, таъмирлаш ва бошқа зарур қурилиш ишларини бошлаши мумкин бўлади. Бу механизм инвесторлар учун вақтни тежаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Чунки кўп ҳолатларда объект тўлиқ расмийлаштирилгунга қадар кутиш тадбиркорлик лойиҳаларининг амалга ошишини кечиктирарди. Энди эса тадбиркор активни харид қилиш жараёни билан бир вақтнинг ўзида уни ишга туширишга тайёрлаш имкониятига эга бўлади.
Фармонда узоқ вақт давомида харидор топа олмаётган давлат активларини реализация қилишнинг янги механизмлари ҳам белгиланди.
Агар актив очиқ савдоларда 3 ой давомида сотилмаса, унинг бошланғич нархини босқичма-босқич 10 фоизгача пасайтириш мумкин бўлади. Шунингдек, сотилмаган объектлар учун «гибрид аукцион», яъни нарх дастлаб пасайтирилиб, кейин талаб шаклланишига қараб ошириб бориладиган савдо механизми ҳам қўлланилади. Бу тизим активларнинг бозорда ҳақиқий талабга эга бўлган нархини аниқлашга хизмат қилиши мумкин. Чунки юқори бошланғич нархлар кўпинча активларнинг узоқ вақт сотилмай қолишига сабаб бўлади.
Фармонда ер участкаларидан тадбиркорлик мақсадларида самарали фойдаланиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Эндиликда муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва зарур рухсатномалар билан таъминланган «тайёр пакет» усулидаги ер участкалари савдога чиқарилиши мумкин. Бу тадбиркор учун қўшимча бюрократик тўсиқларни камайтиради. Яъни, ер майдонини сотиб олгандан кейин электр, газ, сув тармоқлари ёки рухсатномалар билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун узоқ вақт сарфлаш зарурати қисқаради.
Олис ва харидоргирлиги паст ҳудудлардаги ер участкаларини эса муайян инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш шарти билан юридик шахсларнинг устав капиталига улуш сифатида киритишга рухсат берилади. Бу орқали ҳозирча инвесторлар эътиборидан четда қолаётган ҳудудларга ҳам янги бизнес ва сармояларни жалб қилиш кўзда тутилмоқда. Фармон давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган тижорат банклари учун ҳам қўшимча имкониятларни белгилади.
Маълумки, қарздорликни ундириш жараёнида айрим кўчмас мулклар, акциялар ва бошқа активлар банклар балансига ўтиб қолади. Бундай активлар узоқ вақт сотилмай туриши банклар учун ҳам, иқтисодиёт учун ҳам самарасиз ҳолатни юзага келтиради.
Эндиликда давлат иштирокидаги банклар қарздорлик эвазига балансга қабул қилинган мол-мулкларни реализация қилишда қатор янги механизмлардан фойдаланиши мумкин бўлади. Жумладан, актив 3 ой давомида сотилмаса, бошланғич нархни босқичма-босқич 10 фоизгача пасайтириш, аукцион қадамини 1 фоиз этиб белгилаш, такрорий савдода битта талабгор қатнашса, активни унга эълон қилинган нархда сотиб олишни таклиф қилиш, савдо эълонлари муддатини қисқартириш мумкин. Шу билан бирга, 3 ой давомида сотилмаган активларни гибрид «англо-голланд» аукциони орқали реализация қилиш мумкин бўлади.
Энг муҳими, давлат иштирокидаги банклар бундай активларни сотишда бошланғич тўловсиз ва фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш механизмларини ҳам қўллаши мумкин бўлади.
Бу ўзгаришлар банклар балансида йиллар давомида қолиб кетиши мумкин бўлган активларни тезроқ сотиш, уларни яна иқтисодий айланмага қайтаришга хизмат қилиши кутилмоқда. Тижорат банклари балансига қарздорлик эвазига ўтган кўчмас мулкларни сотиб олувчилар учун ҳам қатор енгилликлар белгиланмоқда. Хусусан, белгиланган шартлар асосида бундай объектларни сотиб олган харидорлар ҳамда банклар 2030 йил 1 январга қадар мол-мулк ва ер солиғи бўйича имтиёзлардан фойдаланиши мумкин бўлади. Бу чора, айниқса, фаолиятсиз турган ёки қўшимча сармоя талаб қиладиган объектларга инвесторларни жалб қилишда муҳим рағбат бўлиши мумкин.
Фармон билан хусусийлаштириш соҳасидаги институционал тизим ҳам қайта кўриб чиқилмоқда. Давлат активларини хусусийлаштириш ва мувофиқлаштириш бўйича давлат комиссияси фаолияти тугатилиб, унинг ваколатлари Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилади. Бу қарор хусусийлаштириш жараёнларида бошқарувни марказлаштириш ва қарор қабул қилиш тизимини соддалаштиришга хизмат қилиши мумкин. Шунингдек, рақобат муҳити шаклланган соҳаларда бюджетдан молиялаштирилмайдиган янги давлат муассасаларини ташкил этиш чекланади.
Мавжуд тижорат фаолияти билан шуғулланаётган давлат муассасаларини эса 2026 йил 1 декабрга қадар хўжалик жамиятларига айлантириш вазифаси белгиланган. Фармоннинг умумий мазмунидан кўринадики, давлат иқтисодиётда бевосита иштирок этувчи субъект сифатидаги ўрнини босқичма-босқич қисқартириб, хусусий сектор учун кенгроқ майдон яратишни мақсад қилмоқда. Бунда давлат активларини сотишнинг ўзи асосий мақсад эмас. Асосий вазифа — сотилган активларни самарали ишлатиш, янги инвестициялар жалб қилиш, иш ўринлари яратиш ва иқтисодий фаолликни оширишдан иборат.
Тадбиркорларга бошланғич тўловларни камайтириш, узоқ муддатли фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш, солиқ имтиёзларини жорий қилиш ва савдо механизмларини соддалаштириш хусусий инвесторлар иштирокини ошириши мумкин. Шу билан бирга, хусусийлаштириш жараёнининг самараси фақат қанча актив сотилгани билан эмас, балки уларнинг кейинги тақдири — қанча инвестиция киритилгани, қанча янги иш ўрни яратилгани ва иқтисодиётга қандай қўшимча қиймат олиб киргани билан баҳоланади.
Президент фармонида белгиланган яна бир муҳим жиҳат — кўзда тутилган механизм ва енгилликларнинг тегишли қонуности ҳужжатлари қабул қилинишини кутмасдан, тўғридан-тўғри амалиётга жорий этилишидир. Бу эса ислоҳотларни қоғозда эмас, балки реал иқтисодий жараёнларда тезроқ амалга оширишга қаратилганини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу фармон Ўзбекистонда давлат иштирокини қисқартириш сиёсатидаги навбатдаги муҳим қадамдир. Янги тартиблар давлат активларини сотиш жараёнини тезлаштириш, банклар балансидаги самарасиз активларни иқтисодий айланмага қайтариш ва хусусий сектор учун янада кенг имкониятлар яратиши билан аҳамиятлидир. Энди асосий масала — ушбу имкониятлардан тадбиркорлар ва инвесторлар қай даражада самарали фойдалана олиши ҳамда хусусийлаштириш натижасида иқтисодиётда ҳақиқий самарадорликка эришилишидир.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА