Дарсликлар биргаликда такомиллаштирилмоқда
Тошкент шаҳридаги 241-умумтаълим мактабида "Дарсликларни биргаликда такомиллаштирайлик” мавзусида ўтказилган танлов ғолиблари тақдирланди.
Тошкент шаҳридаги 241-умумтаълим мактабида "Дарсликларни биргаликда такомиллаштирайлик” мавзусида ўтказилган танлов ғолиблари тақдирланди.
Тақдирлаш маросимида вазирлик бошқарма бошлиқлари, Республика таълим маркази мутасаддилари ҳамда тегишли соҳа вакиллари, ноширлар, дарслик муаллифлари, олимлар, экспертлар иштирок этди.
Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров таълим сифатини юксалтиришда дарсликларнинг давр руҳига мос тарзда такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Таъкидлаш жоизки, Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим маркази, дарслик муаллифлари ҳамда тегишли нашриёт мутахассислари томонидан ўқувчиларни сифатли дарсликлар билан таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2019-2020 ўқув йили учун 1-, 3-, 8-, 9-синфларга тўлиқ тўпламда, 2-, 4-, 7-синфлар учун чет тили дарслик мажмуалари, 6-синф учун "Физика", 7-синф учун "Алгебра" (ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари учун) жами 479 номдаги 36,5 миллион нусха дарсликлар нашр этилган бўлиб, “Ўқув таълим-таъминот" давлат унитар корхонаси ва унинг ҳудудий филиаллари орқали умумий ўрта таълим мактабларига етказилди.
Аҳамиятли жиҳати, дарсликларга ўқитувчилар, ўқувчилар, ота-оналар, кенг жамоатчилик бефарқ эмас. Улар ўз муносабатлари орқали таълим сифатини оширишга, шунингдек, дарсликлар мазмунини янада такомиллаштириш бўйича кўпгина таклифлар ҳам билдирмоқда.
Халқ таълими вазирлиги ушбу ҳолатларни инобатга олган ҳолда 2019 йил 25 июндаги буйруғи билан ўқув адабиётларни яратишда фикр-мулоҳазаларни инобатга олиш, амалдаги адабиётларда нуқсон ва камчиликларни аниқлаш ҳамда тузатиш мақсадида uzedu.uz сайтида "Дарсликларни биргаликда такомиллаштирайлик” мавзусида танлов эълон қилган эди.
Онлайн танловда жами 103 иштирокчи қатнашиб, улар томонидан 144 таклиф электрон манзилга келиб тушди. Республика таълим марказининг фан бўлимларида 5-7 нафаргача нуфузли олимлар, амалиётчи ўқитувчилар, фан методистлари ва муаллифлардан иборат тузилган ишчи гуруҳи томонидан баҳолаш мезонларига амал қилган ҳолда ғолиблар аниқланди.
Унга кўра, мустақил журналист Шерали Нишонов 213 балл билан 1-ўринга муносиб топилди. Сирдарё вилояти Янгиер шаҳридаги 8-мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси Юлия Мусурманова 81 балл билан 2-ўринни эгаллади. Наманган шаҳридаги 21-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Гулноза Холдорова 58 балл билан 3-ўринга лойиқ топилди.
– Танлов эълон қилинганидан сўнг 32 дарслик бўйича таҳлил олиб бориб, улардаги камчиликлар, нотўғри маълумотларни белгилаб, тегишли таклифлар киритдим, – деди Ш.Нишонов. – Масалан, бир дарсликда Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсатига оид модда сифатида 7-модда, деб берилган. Аслида эса Конституциянинг 17-моддасида мамлакатимизнинг ташқи сиёсати бўйича сўз юритилади. Бу каби танловлар дарсликларнинг янада мукаммал бўлиши йўлидаги амалий қадамдир.
– Дарсликлардан хато ёки камчилик қидириб эмас, уни тобора такомиллаштиришга кўмаклашув нуқтаи назаридан бу жараёнга ёндашдик, – деди сирдарёлик ўқитувчи Юлия Мусурмонова. – Бу таклифларнинг аксарияти инобатга олингани, улардан педагоглар ҳам мамнун экани диққатга сазовордир.
Тадбирда танловнинг ғолиб ва совриндорларига диплом ва совғалар топширилди.