Дала ишлари назоратда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоятида пахтачилик соҳасида юқори натижаларга эришиш, ғўза парваришини агротехник талаблар асосида ташкил этиш мақсадида дала ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳудудларда культивация, минерал ўғитлар билан озиқлантириш, суғориш, шунингдек, зараркунанда ва бегона ўтларга қарши кураш тадбирлари тизимли амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов Норин туманида бўлиб, соҳа мутасаддилари, оқсоқол-маслаҳатчилар ҳамда масъуллар билан биргаликда ғўза майдонларидаги агротехник тадбирлар ҳолатини ўрганди.
Маълум қилинишича, жорий йил ҳосили учун туманда 4 минг 322 гектар майдонда ғалла, 4 минг 701 гектарда ғўза парвариш қилинмоқда. Айни паллада ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида ва сифатли бажаришга устувор аҳамият берилмоқда.
Ишчи гуруҳи дастлаб “Пахтакор” ММТП ҳудудидаги “Водий барака” кластер фермер хўжалигида бўлиб, ғўзанинг ривожланиш жараёни, қатор ораларига ишлов бериш ва озиқлантириш ишлари билан танишди.
Мазкур хўжаликнинг 250 гектар майдонида “Шинжон” технологияси асосида қўшқатор экиш усули жорий этилган бўлиб, плёнка остида томчилатиб суғориш тизими қўлланилмоқда. Шунингдек, 250 гектарда ғўза очиқ усулда парвариш қилинмоқда.
Шунингдек, ишчи гуруҳ “Норинлик Асрор” фермер хўжалигида қўлланилаётган инновацион ёндашувлар ва замонавий агротехнологиялар самарадорлиги билан танишди. Икки дарё оралиғидаги орол ҳудудида ривожланишдан орқада қолаётган ғўза ниҳолларига ишлов бериш жараёни ҳам кўздан кечирилди.
Навбатдаги манзил — “Норинкапа” ММТП ҳудудидаги фермер хўжаликлари бўлди. Бу ерда ғалла майдонларида агротехник тадбирлар ҳамда ўрим-йиғимга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, “Алишер ҳожи Замини” ва “Дилмурод ўғиллари Жавлон Мавлон” фермер хўжаликлари майдонларида буғдой пишиб етилиш босқичига кирган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҳосилдорлик гектарига ўртача 70-80 центнерни ташкил этиши кутилмоқда.
[gallery-29741]
“Оқ олтин” ММТП ҳудудидаги “Акбарали ўғли Абдуфатто” фермер хўжалигида ҳам ғўза ва ғалла парвариши ишлари агротехник талаблар асосида ташкил этилган.
Мутахассислар бегона ўтларга қарши кимёвий ишловдан кейин ғўза ниҳолларини парваришлаш, ўз вақтида суғориш ва минерал ўғитлар билан озиқлантиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Вилоят раҳбари ғалла ўрим-йиғим мавсумини белгиланган муддатларда, йўқотишларсиз ва уюшқоқлик билан ўтказиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА