“Цивилизациялар уйғунлиги ва ҳамкорлик форуми” халқаро экспертларни бир майдонга жамлади
Бугун дунё геосиёсий ва маданий ўзгаришлар остонасида турган бир пайтда Тошкент яна бир бор интеллектуал мулоқот ва цивилизациялар уйғунлиги чорраҳасига айланди. Тошкент давлат шарқшунослик университетида бўлиб ўтган “Цивилизациялар уйғунлиги ва ҳамкорлик форуми” Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги янги интеллектуал кўприк бўлди.
Форумда Ўзбекистон ва Хитойнинг таълим, илм-фан ва маданият соҳалари вакиллари, халқаро экспертлар, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ҳамда талабалар иштирок этди. Ушбу форумнинг асосий ғояси асрлар давомида Ипак йўли орқали бир-бирини бойитиб келган икки буюк цивилизациянинг стратегик ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишдан иборат.
Ушбу тадбир давомида ҳам “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида цивилизациялараро ҳамкорлик, Буюк ипак йўли мероси, халқаро таълим алмашинуви, синологиянинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
[gallery-29923]
Форумда Хитой Ижтимоий фанлар академияси, Пекин университети, Москва давлат университети, Халқаро конфуций ассоциацияси, Ўзбекистон маданий мерос агентлиги ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик университети вакиллари маърузалар билан қатнашди.
Мутахассислар фикрича, мазкур форум Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш ҳамда илмий-таълимий ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилашда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур форум Ўзбекистон ва Хитой цивилизациялари ўртасидаги алоқалар нафақат тарихий хотира, балки истиқболли жараён эканини яна бир бор исботлади. Тошкентдан бошланган ушбу интеллектуал мулоқот келажакда янги илмий кашфиётлар учун пойдевор бўлади деган умиддамиз.
Дилдора ДЎСМАТОВА
Ўктам Ҳаитов (сурат)
ЎзА