Чунсинда Жиззах вилоятининг туризм имконияти намойиш этилди
Хитой Халқ Республикасининг Чунсин шаҳрида жорий йилнинг 28-30 сентябрь кунлари Жиззах вилояти куни ҳамда гастрономик туризмга бағишланган қатор тадбирлар ўтказилди. Унда Жиззах вилоятининг туризм салоҳияти, бетакрор табиати, бой тарихий-маданий мероси, миллий урф-одат ва анъаналари, шунингдек, гастрономик имкониятлари хитойлик ҳамкорлар, туризм соҳаси вакиллари ва кенг жамоатчиликка тақдим этилди.
Тадбирлар давомида меҳмонларга вилоятнинг сайёҳлик йўналишлари, тарихий обидалари, зиёратгоҳлари ҳамда табиий масканлари ҳақида маълумотлар берилди. Жиззахнинг сайёҳлар учун жозибадор ҳудудлари, миллий маданияти ва қадимий анъаналарини акс эттирган кўргазмали материаллар орқали вилоятнинг туристик имкониятлари кенг тарғиб қилинди.

Тадбирнинг муҳим йўналишларидан бири гастрономик туризмга бағишланди. Унда Жиззахга хос миллий таомлар, уларни тайёрлаш усуллари, меҳмондўстлик анъаналари ва маданияти намойиш этилди. Миллий таомларнинг ўзига хослиги, уларнинг ҳудуд тарихи ва урф-одатлари билан уйғунлиги иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Мулоқотлар давомида Жиззах вилоятининг туризм соҳасидаги имкониятларини Хитой бозорида кенг тарғиб қилиш, сайёҳлар оқимини ошириш, янги туристик йўналишларни шакллантириш ва соҳада ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Жиззах вилояти кунининг Чунсин шаҳрида ўтказилиши ҳудуднинг халқаро туристик майдондаги имижини мустаҳкамлаш билан бирга, Жиззах ва Хитой туризм соҳаси вакиллари ўртасида тажриба алмашиш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.

Айниқса, гастрономик туризм орқали Жиззахнинг миллий қадриятлари, меҳмондўстлик маданияти ва ўзига хос таомларини хорижий сайёҳларга танитиш ҳудуднинг туристик жозибадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Ушбу тадбирлар Жиззах вилоятининг тарихий ва табиий бойликлари қаторида миллий таомлари, маданияти ва анъаналари ҳам хорижий сайёҳлар учун жозибадор эканини яна бир бор намоён этди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири