Чотқол давлат биосфера қўриқхонасига пресс-тур
Халқаро қўриқхоналар ва миллий боғлар куни муносабати билан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда вазирликнинг Тошкент вилояти бошқармаси билан биргаликда Паркент туманида жойлашган Чотқол давлат биосфера қўриқхонасига пресс- тур ташкил этилди.
Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси 1947 йилда ташкил этилган. 1993 йил 15 февралдаги халқаро ЮНЕСКО ташкилоти қарорига мувофиқ қўриқхонага "Биосфера қўриқхонаси" мақоми берилган. У халқаро биосфера қўриқхоналари тизимининг бир қисми деб тан олинган ва атроф-муҳитга инсон таъсирининг натижаларини ўлчаш мумкин бўлган эталон ҳисобланади.


2021 йилда эса бу ерда махсус ташриф маркази фаолият бошлаган. Мақсад ёшларнинг экологик билими, маданиятини оширишдир. Бунинг учун мазкур ташриф маркази БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Глобал экологик жамғарма билан ҳамкорликда “Биологик хилма-хилликнинг глобал турлари учун муҳим бўлган асосий тоғ ҳудудларида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ўрмонларни бошқариш” лойиҳаси доирасида қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.


Бинонинг фойесида Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси ва Угом-Чотқол давлат биосфера резервати қўриқхона ҳудудининг макети жойлашган. Айтиш ўринлики, бу участкалар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси мақомига эга бўлиб, Бутунжаҳон биосфера резерватлари тармоғига киритилган.
Ташриф марказининг иккинчи зали энг ноёб ва кам ўрганилган ҳайвонот тури – қор қоплонига оид далилий материаллар билан бойитилган. Қор қоплонининг муляжи, биологик хусусиятлари ҳамда хатти-ҳаракатлари тавсифланган стенд мавжуд. Меҳмонлар бу жониворнинг тарқалиши харитаси ҳамда ушбу тур популяциясининг қисқаришига таъсир кўрсатадиган омиллар билан яқиндан танишиши мумкин.


Кейинги залга олиб борувчи даҳлизда қўриқхона чегараларининг ойнаванд чизмаси ва ушбу ҳудудда яшайдиган турли ҳайвонларнинг панжа излари қўйилган. Шунингдек, бу ерда қўриқхона ҳақида қўшимча ахборот олиш имконини берувчи QR-кодли виртуал флаер ҳам жойлаштирилган.
Пресс-турда мутахассислар журналистларга қўриқхонанинг ҳозирги кундаги мавжуд ҳудуди ва олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Қўриқхона Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ ва Паркент тумани ҳудудларида жойлашган бўлиб, жанубий-шарқда Наманган вилояти билан чегарадош.
Шу билан бирга, ҳудуд Ғарбий Тянь-Шань тизмасига мансуб бўлган Чотқол тоғ тизмасининг денгиз сатҳидан 1100-3890 метр баландликдаги жойларни ўз ичига олади. Унинг бутун ҳудуди ягона массив сифатида шарқдан ғарбга 37 километр, шимолдан жанубга 90 километрга чўзилган.
Қўриқхонанинг энг баланд нуқтаси денгиз сатҳидан 3888,2 метр баландликда жойлашган Кичкина пиёзли чўққисидир. Қўриқхона ҳудуди аҳоли яшаш манзилгоҳларидан анча олис (45-50 километр) масофада жойлашган бўлиб, бориш қийин бўлган ҳудудлардан ҳисобланади. У ерга фақат отда ёки пиёда етиб бориш мумкин.
Мутахассислар бу жойларда Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби"га киритилган ноёб ўсимликларнинг 26 тури учрашини аниқлаган. Шунингдек, ҳайвонот оламининг 1 минг 300 га яқин умуртқали ҳамда умуртқасиз турлари яшайди. Айниқса, умуртқалиларнинг 242 тури – шундан балиқларнинг 6 тури, амфибияларнинг 2 тури, судралиб юрувчиларнинг 14 тури, сут эмизувчиларнинг 36 тури ва қушларнинг 184 тури, умуртқасизларнинг 1000 дан ортиқ турини учратиш мумкин.
Қўриқхона маъмурий биносида ташкил этилган табиат музейи барча учун доим очиқ. Унга хориж мамлакатларидан ҳам меҳмонлар тез-тез келиб туради.
Тадбир давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А. Мусаев, ЎзА мухбири