Чорвачилик тармоғида замонавий ёндашувлар жорий этилмоқда
Мамлакатимизда чорвачилик соҳасини модернизация қилиш, фермер ва тадбиркорларнинг билим ҳамда кўникмаларини ошириш, илғор тажрибаларни амалиётга жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада халқаро ҳамкорлик асосида ташкил этилаётган ўқув дастурлари соҳа вакилларининг касбий салоҳиятини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва тармоқнинг барқарор ривожланишини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Урганч шаҳрида Хоразм вилоятининг барча туманларидан келган фермер ва тадбиркорлар учун чорвачилик йўналишидаги махсус ўқув семинар-тренинглари бошланди.
Қайд этилишича, мазкур машғулотлар шу кунга қадар Жиззах, Сирдарё, Наманган, Фарғона, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Бухоро вилоятларида муваффақиятли ташкил этилган бўлиб, эндиликда Хоразм вилоятида давом эттирилмоқда.
Семинар-тренинглар Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Франция тараққиёт агентлиги иштирокида амалга оширилаётган “Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган.
Лойиҳанинг асосий мақсади соҳага имтиёзли молиявий воситаларни жалб этиш билан бирга, фермерларга замонавий назарий ва амалий билимларни етказиш орқали чорвачилик тармоғининг барқарор ривожланишига кўмаклашишдан иборат.
Машғулотлар давомида малакали профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар ва соҳа мутахассислари томонидан иштирокчиларга чорвачиликнинг муҳим йўналишлари бўйича билим ва тавсиялар берилмоқда.
Хусусан, ўқув дастуридан гўшт ва сут йўналишидаги қорамолларни тўғри озиқлантириш, ҳайвонларни сақлаш ва парваришлаш қоидалари, касалликлар профилактикаси ва ветеринария гигиенаси, соғишнинг замонавий усуллари ҳамда гигиена талабларига риоя қилиш, шунингдек, ҳайвонларга биринчи ёрдам кўрсатиш каби мавзулар ўрин олган.
Шунингдек, Хоразм вилоятининг ўзига хос табиий-иқлим шароитидан келиб чиқиб, чорва молларини самарали парваришлаш ва маҳсулдорликни сақлаб қолиш усулларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА