Чортоқда йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Чортоқ туманида йирик инфратузилма ва бунёдкорлик лойиҳалари изчил амалга оширилмоқда. Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов туманда олиб борилаётган қурилиш ишлари ва истиқболли лойиҳалар билан танишди.
Дастлаб D–111 автомобиль йўлининг 15–16-километрларида жойлашган темир йўл устидан ўтган кўприкни тўлиқ қайта қуриш ишлари кўздан кечирилди. 1974 йилда барпо этилган мазкур кўприк Уйчи ва Чортоқ туманларини боғловчи муҳим транспорт иншооти ҳисобланади. Қиймати 36 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида ҳар икки йўналишда икки тасмадан иборат, жами тўрт тасмали ҳамда пиёдалар учун алоҳида йўлакларга эга янги кўприк қурилмоқда.
Шунингдек, Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўрта шаҳарларни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Фурқат номли маданият ва истироҳат боғини реконструкция қилиш ишлари ҳам кўздан кечирилди. Қиймати 34 миллиард 854 миллион сўм бўлган лойиҳа асосида боғ ҳудуди кенгайтирилиб, замонавий ландшафт ечимлари, ёритиш тизими, аттракционлар, спорт ва дам олиш майдонлари барпо этилмоқда.
Туманда шаҳарсозлик, туризм ва замонавий инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган “Чортоқ – туризм шаҳарчаси” концепцияси доирасида “Янги Чортоқ” шаҳарчасини барпо этиш ҳам режалаштирилган. Ноёб табиат бағрида жойлашган 60 гектар майдонда 10 минг нафардан ортиқ аҳоли яшаши, меҳнат қилиши ва дам олиши учун барча замонавий шароитларга эга ҳудуд ташкил этилади.
Лойиҳа доирасида Маъмурий марказ, кўп қаватли уйлар, мактаб, мактабгача таълим ташкилоти, поликлиника, таълим ва IT марказлари, спорт иншоотлари ҳамда туризм объектлари қурилиши кўзда тутилган. Чортоқсой соҳилида меҳмонхона, санаторий, осма дор йўли, ресторан ва кафеларни ўз ичига олган замонавий туризм мажмуаси ташкил этилади.
[gallery-30257]
Ташриф давомида Катта Наманган канали қирғоқ ҳудудида амалга оширилаётган ишлар ҳам кўздан кечирилди. Айни пайтда бу ерда замонавий пиёдалар йўлагини барпо этиш ишлари жадал давом этмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА